Россия Мудофаа вазири “зам”ига алоқадор яна бир киши қўлга олинди
Олам
−
25 Апрель
10061Бугун, 25 апрель куни Россияда Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ишига алоқадор учинчи шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, "ОлимпСитиСтрой" компанияси асосчиси Александр Фомин вазир ўринбосарига пора берганликда айбланиб, ҳибсга олинган.
"Москванинг Басманний суди қарори билан у Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосарига пора берганликда гумонланиб, 2024 йил 23 июнгача ҳибсда сақланади", деб ёзади нашр суд матбуот хизматига таяниб.
Маълум бўлишича, Фомин Ивановга қарши кўрсатма берган.
"Тергов маълумотларига кўра, Фомин Иванов билан ишончли муносабатларда бўлиб, биноларни таъмирлаш ёки реконструкция қилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар учун ҳақ тўлаш мажбуриятидан озод қилиш шаклида мулкий хизматлар кўрсатган. Шунингдек, Фомин ва бошқа шахслар уюшган гуруҳ сифатида Ивановнинг уларга ноқонуний мулкий хизматлар кўрсатиш шаклида катта миқдордаги пора олишига ҳисса қўшган", дейилади агентликнинг суд матбуот хизматидан келтирган иқтибосида.
Маълумотларга кўра, Александр Фомин компанияси 2022 йилда соф фойдасини деярли икки баравар – 2,8 миллиард рублгача оширган. 2021 йилда эса "Олимпситистрой"нинг соф фойдаси 1,6 миллиард рублни ташкил қилгани айтилмоқда.
Аввалроқ, Россия Федерацияси Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов пора олишда гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси