Россия “махсус операция” бошида Украина жанг қилмаслигини кутган – Лукашеко 

Олам

image

Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Украинадаги можаронинг олдини олиш имкони бор бўлгани, уни ҳозир ҳам тўхтатиш мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у украиналик журналист Диана Панченкога берган интервьюсида сўз очди.

“Украина бўйича ҳар қандай музокаралар ҳеч қандай шартларсиз бошланиши керак. Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги муносабатлар келажакда яхшиланиши мумкин, аммо бунинг устида жиддий ишлаш лозим. Украина бўйича музокаралар жараёнида Беларусь иштирок этишини истисно қилмайман. Беларусь ва Украина вакиллари ўртасидаги алоқалар Мудофаа вазирлигининг Украина бош разведка бошқармаси орқали амалга оширилган, кейин Зеленский буни тақиқлаган”, деган Лукашенко.

Шунингдек, у Россия Федерацияси Қуролли кучларининг алоҳида бўлинмалари уруш бошида Украина чегарасини Беларусь ҳудудидан кесиб ўтганини тан олган. Лукашенкога кўра, бунга Украина томонининг ҳаракатлари асос бўлган. 

“Бунинг сабабларини Президент Зеленскийдан сўраган маъқул. Путин мени “махсус операция” бошланиши ҳақида огоҳлантирмади, бироқ у мендан бир неча кун олдин “бирор нарса бўлса, чегарани ёпишни” сўради. Шуни тан олиш керакки, Россия Федерацияси “махсус операция” бошида Украина жанг қилмаслигига умид қилиб, вазиятни паст баҳолаган. Россия режаларини тузатишга мажбур бўлди. Путин қурбонлар кўп бўлмаслиги учун Киевни олишдан бош тортди”, дея қўшимча қилган Беларусь фуқароси.

Лукашенконинг таъкидлашича, урушнинг мақсадлари аллақачон принципиал равишда амалга оширилган, чунки келажакдаги Украина ҳеч қачон бунчалик тажовузкор ва ғарбпараст бўлмайди. Шунингдек, у Украинада мафкуравий жиҳатдан кучли миллатчи одамлар қолмагани, улар аллақачон ўлгани, у ерда ҳозир кўчадан ушлаб, фронтга олиб келинганлар жанг қилаётганини иддао қилган.

“Россия эса ўзгарди. Россия бугунги кунда энг сўнгги қуролларга эга. Аллақачон етарлича дронлар мавжуд. Бу бутунлай бошқа армия. Ва энг муҳими, уларнинг захирасида 250 минг кўнгилли бор”, дейди Лукашенко.

Унинг фикрича, Россия қўшинлари Украинани Молдовадан узиб қўйиши мумкин.

“Улар сизни бу ерда майдалаб, кейин энг қўрқинчли нарсани қилади. Улар сизни Молдова, Днестр ўлкасига олиб кетади. Кейин нима қиласиз?” деб сўрайди Лукашенко.

Бундан ташқари, у харитадан Польша гўёки Украинанинг ғарбий қисмини эгаллаб олиши, Украинанинг ўзида эса кичик бир ҳудуд қолишини кўрсатган.

Унга кўра, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида. 

“Украина жанговар ҳаракатларни давом эттирса, барча ҳудудларини бой бериши мумкин, Киев “тинчлик сари” бориши керак. Зеленский Украинанинг бир қисмини Польшага ўтказиш сари бормоқда. Украинанинг бир қисмини Польшага беришни Беларусь ва Россия қабул қилмайди”.

Шунингдек, Лукашенко “Вагнер” хусусий компанияси ҳақида ҳам гапирган. Унинг таъкидлашича, “Вагнер” жангчиларининг Беларусь ҳудудига кириши “қўзғолонни бостириш” учун зарур бўлган ва бу саҳналаштирилмаган.

Шу билан бирга, Беларусь фуқароси Россия Президенти ҳокимият тепасида қатъий эканини таъкидлаган. 

“Ҳеч ким Владимир Путинни ағдара олмайди. Путин бўлажак сайловларда Россия Президенти этиб қайта сайланади, чунки унинг рақиблари йўқ”.

Бундан ташқари, Лукашенко Беларусь чегараси бузилмаса, мамлакат ҳарбий ҳаракатларга киришмаслигини айтган.  Унинг қайд этишича, Беларусь армиясининг Украинадаги жанговар ҳаракатларга жалб этилиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди, уларнинг сони унчалик катта эмас.  

“Минск Украина, Польша ёки Болтиқбўйи давлатларидан Беларусга қарши ҳар қандай тажовузга бир зумда жавоб қайтаради”, деган Лукашенко.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made