Россия Киевдаги мактабни бомбалади (видео)
Олам
−
16:43 707 2 дақиқа
Бугун, 1 октябрга ўтар кечаси Россия кучлари Украинанинг шаҳарларига дронлар орқали ҳужум қилди. Киевда дронлардан бири мактаб биносига урилган бўлса, Одессада бизнес-марказга зарба берилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Россия дрони шаҳарнинг Соломенский туманидаги мактаб биносига урилган. Ҳужум вақтида болалар ва ўқитувчилар бошпанада бўлган. Шу сабабли улар жабрланмаган.
Шунингдек, дронлар ҳужуми оқибатида Соломенский туманидаги 16 қаватли тураржой биносининг биринчи қаватида ёнғин чиққан. Бино яқинида тўхтаб турган автомобиллар ҳам ёниб кетган.
Киевнинг Оболон туманида эса дронлар зарбаси оқибатида омборларда ёнғин юзага келган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати ҳужум оқибатида бир киши жароҳатланганини маълум қилган.
Одессада 1 октябрга ўтар кечаси бизнес-марказга зарба берилган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, бир киши жароҳатланган. Одесса шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, Россия ҳужуми оқибатида шаҳардаги инфратузилмага ҳам зарар етган. Бироқ у айнан қайси инфратузилма объектлари шикастланганига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 сентябрь куни эрталаб Россиянинг Брянск вилояти Трубчевск шаҳрига Украина Қуролли кучлари томонидан уюштирилгани айтилаётган дронлар орқали ҳужум қилиниши оқибатида 12 киши жароҳатланганди. Жабрланганлар орасида политехника техникумининг 9 нафар ўқувчиси ҳам бор.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь