Россия қўшинлари одатдаги позицияга қачон қайтиши маълум бўлди

Олам

image

Россия ғарбидаги қуролли кучлар конфигурацияси уч-тўрт ҳафта ичида нормал ҳолатга қайтиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС Россиянинг Ирландиядаги элчиси Юрий Филатовга асосланиб маълум қилди.

"Сизга шуни айта оламанки, эҳтимол, уч-тўрт ҳафта ичида Россиянинг ғарбий минтақасидаги кучлар конфигурацияси одатдагидек, стандарт ҳолатга қайтади. Ҳозир биз Беларусь Қуролли Кучлари билан режали машғулотлар ўтказмоқдамиз”, деган дипломат интервьюларининг бирида.

Филатовнинг сўзларига кўра, қўшинлар айнан қаердан олиб чиқилиши ва Украина чегарасидан қанчалик узоққа кетиши Россиянинг ихтиёрида. 

“Улар Россия ҳудуди бўйлаб ҳаракатланмоқда. Улар айнан боришлари керак бўлган жойга боради. Бу бошқа бировнинг иши эмас”, дейди дипломат.

У Ғарбда Россия Европани беқарорлаштиришга уринаётгани, жумладан, энергия ресурсларидан фойдалангани ҳақидаги даъволарни ташвиқот деб атади.

“Албатта, Москвада Европани беқарорлаштириш бўйича ҳеч қандай даҳшатли режа йўқ, чунки биз ҳаммамиз Европада яшаймиз ва барчамиз Европанинг барқарор бўлишини хоҳлаймиз. Биз Европа давлатлари, жумладан, Ирландия билан жуда яхши муносабатларга эгамиз ва бундай нарсаларни тахмин қилишнинг ўзи кулгили. Газга келсак, бу қишда биз шартнома мажбуриятлари орқали Европага газ етказиб бериш ҳажмини оширдик. Мен буни газдан қурол сифатида фойдаланиш деб таърифлай олмайман”, дейди дипломат.

Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бу каби баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украинанинг жануби-шарқидаги инқирозни куч ишлатиш билан ҳал қилишга уриниш энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

Январь ойи охирида ахборот майдонида “Россия босқинининг эҳтимоли борлиги” ҳақидаги хабарлар пайдо бўла бошлаганидан кейин Украина иқтисодиёти анча зарар кўрди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг