Россия иш жойларидаги мигрантлар улушини камайтирмоқчи
Олам
−
18 Август 2025 5230 2 дақиқа
Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги 2026 йилда иш жойларида меҳнат мигрантлари улушини камайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда идора сайтида хабар берилди.
Вазирлик таклифига кўра, чет эллик ишчилар улуши тўққизта иқтисодий фаолият турида қисқартирилади, айрим соҳаларда эса у бутунлай йўқ қилинади. Масалан, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари чакана савдосида. Тегишли ҳукуматнинг қарор лойиҳасида, шунингдек, қурилиш соҳасида мигрантлар улуши 2026 йилда 50 фоиздан ошмаслиги (2025 йилда бу кўрсаткич 80 фоизгача), умумий овқатланиш муассасаларида эса камида ярмидан кўп иш ўринлари фақат россияликларга берилиши таклиф этилган.
Қарор лойиҳасида сабзавот етиштириш, ёғоч хомашёси ва ўрмон маҳсулотлари улгуржи савдоси, ўрмончилик ва ўрмон хўжалиги, ёғочни қайта ишлаш ҳамда ёғочдан маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларида мигрантлар улуши 40 фоиздан ошмаслиги белгиланган (аввал бу кўрсаткич 50 фоизгача эди).
Бундан ташқари, унда Россиянинг 29 та ҳудудида минтақавий ўзига хосликлар белгилаш назарда тутилган. Улардан 14 тасида айрим фаолият турларида чет эллик ишчилар улуши пасайтирилмоқда. Улар орасида Удмуртия Республикаси, Забайкаль, Красноярск ва Приморск ўлкаси, Яҳудий автоном вилояти, Амур, Новосибирск, Оренбург, Орлов, Самара, Твер, Тула, Ульяновск ва Челябинск вилоятлари қайд этилган.
Энг қаттиқ чекловлар Амур вилояти учун таклиф этилган. Бу ерда хорижликларга қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, техника таъмири, ветеринария ва қимматбаҳо металлар қазиб олиш соҳаларида ишлаш тақиқланади. Ушбу фаолият турларида чет эллик ишчилар улуши 0 фоиз қилиб белгиланади. Яҳудий автоном вилоятида мигрантларнинг чакана савдода ишлаш улуши 50 фоизгача чекланади, йўловчи ташиш ва такси хизматларида эса тўлиқ тақиқ жорий этилади. Чукотка автоном округида кўчмас мулкни бошқариш соҳасида квота 25 фоиз этиб белгиланади.
Россия ҳукуматининг қарор лойиҳасига кўра, Забайкал ўлкасида қазиб олиш компанияларида ходимларнинг 80 фоиз гача қисмини хорижлик мутахассислар ташкил қилиши мумкин. Худди шундай даража Камчатка ўлкасидаги қурилиш ташкилотлари учун ҳам белгиланган. Шу билан бирга, Приморе ўлкасида спорт соҳасида ва хонадонлардаги хизмат кўрсатувчи ходим сифатида мигрантларни жалб этиш бутунлай тақиқланади.
Бунгача Россия Меҳнат вазирлиги хориждан виза орқали мамлакатга келган чет элликларни рус тилини билмасдан туриб россиялик фуқаролар билан мулоқот қилишни талаб қиладиган лавозимларга қабул қилишни чеклашни ҳам таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида патент билан ишловчи меҳнат мигрантларига яъни, асосан, ўзбекистонлик ва тожикистонликларга таксичилик ва курьерлик қилиш тақиқланиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси