Россия иқтисодиётини тиклашга қанча вақт керак? Мишустин жавоб берди
Олам
−
07 Апрель 2022
19706
Россия Федерацияси иқтисодиёти янги шароитларда ишлаш учун қайта ташкил этишга олти ой керак. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Михаил Мишустин Давлат Думасидаги ҳукумат ҳисоботида маълум қилди.
“Иқтисодиётнинг тикланиши учун вақт керак. Бундай зарба қаршисида қайта қуриш учун камида ярим йил сарфламаслик мумкин эмас”, дейди у.
Мишустинга кўра, ҳукуматнинг барча кучлари Россия иқтисодиётини ҳозирги воқеликка мослаштириш жараёнига қаратилган. Ҳукумат корхоналарни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш тармоқларини яратиш ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш бўйича барча чораларни кўяпти.
"Энди бу бизнинг мамлакатимизда импорт ўрнини тўлиқ ўзгартириш ёки дўст мамлакатларда янги занжирлар топиш учун кучли рағбатдир. Биз буни жуда яхши тушунамиз ва бутун сиёсатимиз шунга қаратилган", дейди у.
Маълумот учун, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги ҳарбий амалиёт фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.
Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.
Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқациз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.
АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростеc” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди.
9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.
6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди.
7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.
LiveБарчаси