Россия гази ва нефтидан воз кечиш Европага қанчага тушиши маълум бўлди
Олам
−
12 Май 2022
16992Европа Иттифоқи Россия энергетик ресурсларига қарамликдан қутилиш учун кейинги беш йил ичида қўшимча 195 миллиард евро сарфлайди. “Financial Times” газетасининг ёзишича, Европа Комиссияси (ЕК) томонидан тезлаштирилган тартибда энергетик ўтиш бўйича лойиҳаси шундай бюджетни ўз ичига олади.
Нашр танишиб чиққан ҳужжатда айтилишича, “тоза энергияга жадал ўтиш орқали Россиянинг қазиб олинадиган ёқилғисига қарамликни тезда камайтириш мумкин”.
Бунинг учун 2030 йилга бориб Европа Иттифоқи энергия самарадорлигини ошириш орқали энергия сарфини режалаштирилган 9 фоиз ўрнига 13 фоизга камайтириши керак бўлади. Шунингдек, қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқаришни икки баравардан кўпроқ ошириш мақсад қилинган. Шу тариқа Европа истеъмолидаги қайта тикланадиган энергия улуши 2020 йилдаги 22 фоиздан 2030 йилга келиб 45 фоизга етади.
Бошқа нарсалар қаторида, 2030 йилга келиб ЕИда истеъмоли 20 миллион тоннага етиши мумкин бўлган яшил водородга (бу ҳажмнинг ярми импорт қилинади), шунингдек, биометанга ҳам маблағ киритиш таклиф этилмоқда.
“Financial Times” нашрининг ёзишича, лойиҳа расман 18-май куни тақдим этилиши кутилмоқда. Бу Европа Иттифоқининг бир қанча директиваларига ўзгартиришлар киритишни, жумладан қайта тикланадиган энергия лойиҳалари учун талабларни юмшатишни талаб қилади.
LiveБарчаси