Россия дунёга, жумладан Ўзбекистонга АҚШ ҳақида мурожаат юбормоқчи
Олам
−
14 Февраль 2023
26930Россия Федерацияси Давлат Думаси бугун, 14 февраль кунги йиғилишида Россия Федерацияси Федерал Ассамблеясининг АҚШнинг ўз ҳудудидан ташқаридаги ҳарбий биологик фаолияти муносабати билан дунё мамлакатлари парламентларига мурожаати лойиҳасини қабул қилди.
Ҳужжат қуйи палатага Давлат Думаси вице-спикери Ирина Яровая ва Думанинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси томонидан тақдим этилган. Федерация Кенгаши раиси ўринбосари Константин Косачев айтганидек, парламентнинг юқори палатаси худди шу мурожаат лойиҳасини 15 февраль куни бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
“Россия Федерал Ассамблеяси бутун дунё бўйлаб АҚШ назоратидаги биологик лабораториялар фаолият юритадиган мамлакатлар парламентларини уларнинг миллий соғлиқни сақлаш хизматлари АҚШ Мудофаа вазирлиги билан тузган келишувларига ҳуқуқий ва сиёсий баҳо беришга чақиради. Бу келишувлар атайлаб камситувчи хусусиятга эга ва давом этаётган тадқиқотлар хавфини фуқаролардан яширишга қаратилган. Биологик лабораторияларга ва уларда олиб бориладиган ишларга, ҳатто миллий хавфсизлик хизматларига ҳам киришни чеклаш ёки ҳатто бутунлай тақиқлаш режими бунинг далилидир”, дейилади мурожаат матнида.
Шунингдек, депутатлар дунё парламентларини ўз ҳукуматларидан АҚШ Мудофаа вазирлигининг миллий суверенитетига путур етказувчи оммавий қирғин қуроллари таҳдидини камайтириш бўйича агентлиги фаолиятининг мавжудлиги ва моҳияти тўғрисида маълумот сўрашга чақирди.
“Бу АҚШ биотиббиёт лойиҳаларининг асл мазмунини очиб беришга, уларда яширинган ҳарбий биологик таҳдидларнинг, одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун ҳалокатли оқибатларнинг олдини олишга имкон беради”, дейди депутатлар.
Ҳужжат БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Европа парламенти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Парламент ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига юборилади.
Яровая ўтган ҳафта Украинадаги биологик лабораториялар фаолиятини ўрганувчи комиссия йиғилишида АҚШнинг Мудофаа таҳдидларини камайтириш агентлиги ҳисоботини муҳокама қилиш чоғида дунё мамлакатлари парламентларига мурожаат қилиш таклифи билан чиқди. Давлат думаси спикери ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳисобот таҳлили Пентагон “мақсадли ва тизимли равишда глобал биоқидирув тизимини яратганини” тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қуйи палатаси ва Сенати Россия парламенти билан тўғридан-тўғри, МДҲ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти парламентлар гуруҳи доирасида ҳамкорлик қилади. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ мавжуд.
LiveБарчаси