Россия “дон йўлаги” бўйлаб кемалар ҳаракатини тўхтатди

Олам

image

Россия “дон йўлаги” бўйлаб кемалар ҳаракатини тўхтатади. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, бу Украина томонидан Севастополдаги ҳарбий кемалар ва фуқаролик кемаларига қарши содир этилган террорчилик ҳаракати атрофидаги вазият аниқлангунига қадар давом этади.

“Украина томонидан 29 октябрь куни Севастопол шаҳрида ҳарбий кемалар ва фуқаролик кемаларига қарши содир этилган террорчилик ҳаракати атрофидаги вазиятга ойдинлик киритилгунга қадар “дон йўлаги” бўйлаб ҳаракат тўхтатилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, кемаларнинг хавфсизлик коридори бўйлаб ҳаракатланиши қабул қилиниши мумкин эмас. Чунки Украина раҳбарияти ва Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги ундан Россия Федерациясига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланмоқда.

“Киев ундан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни тўхтатмагунча, “дон йўлаги”даги бирон бир объект хавфсизлигини кафолатлаш мумкин эмас”, дейди вазирлик хабарида.

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги Россия дон йўлаги ташаббусидан чиқмаётганини, балки келишувларни тўхтатиб қўйганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Расмий Москва бунга аннекция қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужумни сабаб сифатида келтириб, ҳужум "дон йўлаги"дан фойдаланган ҳолда уюштирилганини  таъкидлаган.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланганди. Айтиш жоизки, мазкур ҳужжатни Россия, БМТ ва Туркия вакиллари Украина расмийлари билан биргаликда имзолаган.  Чунки дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугаши сабаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Бироқ, октябрь ойида Қрим кўпригидаги портлаш ортидан Россия Президенти Владимир Путин портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг