Россия ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш йўлида илк қадамни ташлади

Олам

image

Бугун, 15 февраль куни Россия парламенти – Федерал Мажлисининг қуйи палатаси – Давлат думаси ялпи мажлисида Украинанинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск вилоятлари суверенитетини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

Депутатлар Коммунистик партия ташаббуси билан ишлаб чиқилган, Донецк ва Луганск халқ республикларини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси учун овоз беришди. Мажлисда ҳукмрон “Ягона Россия” партияси лойиҳаси ҳам овозга қўйилди.

Коммунистлар ташаббуси учун 351 депутат овоз берди, 16 нафари қарши чиқди, бир нафари бетараф қолди. “Ягона Россия” лойиҳаси учун - 310 депутат овоз берди. Шундай қилиб, биринчи вариант танланди.

Парламент қуйи палатаси спикери Вячеслав Володин ҳужжат дарҳол Президент Путинга юборилишини таъкидлади.

“Депутатлар Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикасини (ЛХР) тан олиш ушбу республикалар аҳолисини ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш учун асос яратади ва ҳудудда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига хизмат қилади деб ҳисобламоқда”, деган Володин.

Россия Коммунистик партияси депутатлари (КПРФ) 19 январь куни Россия Президенти номига Донбасснинг ушбу икки республикасини мустақил давлатлар сифатида тан олиш, уларнинг раҳбарияти ва РФ орасида давлатлараро мулоқот ўрнатиш учун ҳуқуқий асос яратиш тўғрисида мурожаатнома йўллаш ташаббуси билан чиққан эди.

14 февраль куни “Ягона Россия” депутатлари Давлат думасига Коммунистик партия лойиҳаси бўйича Ташқи ишлар вазирлиги билан маслаҳатлашувлар тўғрисидаги резолюция ҳужжатини тақдим этди.

Володиннинг фикрича, Вашингтон кескинликни кучайтирмоқда, Европа давлатлари билан биргаликда Украинага қурол етказиб бермоқда, Киев Минск келишувларини бажармаяпти. Буларнинг барчаси Россия фуқаролари ҳамда ДХР ва ЛХРда яшовчи ватандошлар ҳаётига таҳдид ва хавф туғдиради.

Қайд этиш керакки, 2008 йил Россия ўз мухториятига қўшин киритишни режалаштираётган Грузияни тўхтатиш учун Осетияда россияликлар борлигини важ қилиб, ҳудудга қўшин киритганди. Якунда икки ўртада уруш бўлиб, Грузия мағлуб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия

Баҳолаганлар

788

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг