Россия бозоридан юз ўгираётган гигантлар ёхуд чўкаётган пиво саноати
Таҳлил
−
06 Май 2022
22372Россия Президенти Владимир Путин 24 февралда Украинада “махсус операциялар” бошлаганидан кейин трансмиллий компаниялар Россия билан алоқаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди. McDonald’s, PepsiCo, Shell, Starbucks, Unilever, Mastercard ва Visa каби йиллар давомида мамлакат билан алоқалар ўрнатган ўнлаб компаниялар ҳал қилувчи мураккаб битимларга дуч келди. Walt Disney Company, Sony ва Warner Bros. Россияда фильм намойишларини, Disney эса мамлакатдаги барча бизнес операцияларини тўхтатди.
Сармоядорлар ва истеъмолчиларнинг босими остида кўплаб Ғарб компаниялари ўз сармояларини қисқартиришга, дўконларини ёпишга ва Россиядаги савдоларни тўхтатишга киришдилар.
Дастлаб, Украинадаги уруш сабабли йирик брендлар ва чакана савдогарлар Россия Федерациясини тарк этган ёки ўз бизнесларини тўхтатган бўлсалар, ҳозирда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги йирик ишлаб чиқариш компаниялари ўз заводларини сотмоқда ёки ёпмоқда.
IKEA, Adidas ва H&M’нинг Renault, Henkel ёки Carlsberg’дан қандай фарқи бор? Улар биринчилардан бўлиб Россия бозоридан чиқишлари ёки Россияда ўз бизнесларини тўхтатиб қўйишларини Украинага ҳужумдан сўнг дарҳол, февраль охири ёки март ойи бошида эълон қилишганди. Улар орасида, айниқса, чакана савдогарлар кўп эди. Улар учун савдо нуқталарини ёпиш ва эшикларига омборхона қулфларини осиб қўйиш етарли бўлди.
Аммо, уруш бошланганидан тахминан бир ой ўтгач, Россиядан чиқиб кетишнинг биринчи тўлқинидан кўп ўтмай, иккинчиси бошланди. Апрель ойи давомида эса у ўсиб борди ваа бу сафар, айниқса, Россия бозорини тарк этадиган фирмалар орасида кўплаб ишлаб чиқариш компанияларини кўришимиз мумкин. Уларнинг Россияда фақатгина дўконлари эмас, балки заводлари мавжуд бўлиб, заводлар нафақат Москва, Санкт-Петербург каби шаҳарларда, аксинча, Россиянинг бир неча вилоятлари ҳамда чекка ҳудудларида ҳам мавжуд. Ва мазкур компаниялар ушбу ҳудудларда асосий иш берувчилардан ҳисобланади.
Европа пиво ишлаб чиқарувчилари ўз заводларини кимгадир сотишга умид қилмоқда
Ҳозирда аксарият ҳолларда Ғарб сармоядорлари Россияни нафақат санкциялар туфайли, балки урушни тубдан рад этиш, имидж хавф-хатарлари ёки мамлакатда нормал бизнесни давом эттиришнинг иложи йўқлигини тушунганлари сабабли ҳам тарк этмоқдалар.
28 март куни Европанинг икки пиво гиганти – Голландиянинг Heineken ва Даниянинг Carlsberg компаниялари Россия Федерациясида ўз бизнесларини бир вақтда сотувга қўйишди. Биринчиси – "Охота", "Жигулевское" ва "Бочкарев" брендлари ҳамда Санкт-Петербург, Нижний Новгород, Стерлитамак (Башқирдистон), Екатеринбург, Новосибирск, Иркутск ва Хабаровскдаги 7 та заводга эгалик қилса, иккинчиси – Санкт-Петербург, Ярославл, Тула, Воронеж, Ростов-Дон, Самара вилояти, Новосибирск ва Хабаровскдаги 8 та заводни ўз ичига олувчи “Балтика” компаниясига эга.
Бир неча ҳафта давомида Carlsberg ўз бизнесини Россияда "Сибирская корона", “Клинское”, “Толстяк” брендларига эга бўлган жаҳон етакчиси Anheuser-Busch InBev (AB InBev)га сотиш имкониятига эга деб ҳисобланётганди. Бироқ, 22 апрель куни ушбу Бельгия концерни ҳам Россия бозорини тарк этаётгани ва ўз активларини 2018 йилдан бери у билан AB InBev Efes қўшма корхонасига эга бўлган Туркиянинг “Anadolu Efes” компаниясига беришни хоҳлаётганини маълум қилди. Ушбу қўшма корхона Россияда 11 та заводга эга: Клин, Калуга, Иваново, Саранск, Уляновск, Қозон, Уфа, Волжский, Омск, Новосибирск, Владивосток.
“Anadolu Efes” қўшма корхонадаги ўз улушини бельгияликлардан сотиб олиши мумкин, аммо турк компанияси Европанинг яна икки гигантининг заводларини ҳам сотиб олишни хоҳлайдими ёки сотиб олишга қурби етадими деган савол ҳам мавжуд. Бундан ташқари, Россия Федерацияси Федерал Монополияга қарши хизматининг асосли эътирозлари пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Умуман олганда, сўнгги йигирма йил ичида анча муваффақиятли ривожланган Россия пиво саноати бир вақтнинг ўзида учта йирик хорижий инвесторини йўқотмоқда. Бу муқаррар равишда Россия корхоналарининг саноатдаги молиявий, инновацион ва экспорт имкониятларига таъсир қилади ҳамда Россия бозорида рақобатни заифлаштириб, нархларнинг ошиши, сифатнинг эса пасайишига олиб келади. Буларнинг барчаси, Россия аҳолиси харид қобилиятининг пасайиши шароитида, айниқса, иқтисодий жиҳатдан заиф минтақаларда бир қатор заводларнинг ёпилишига сабаб бўлади.
Dr.Oetker va Renault: қандай йўл тутди?
Пиво ишлаб чиқарувчилардан фарқли ўлароқ, немис компанияси Dr.Oetker (ўзининг музлатилган пиццалари, ширинликлари ва ширинликлар учун маҳсулотлар билан танилган) катта нарх таклиф қилувчи харидорни кутиб ўтирмади ва 8 апрель куни Белгороддаги заводини Россия раҳбариятига сотганини маълум қилди.
Россия иқтисодиётидаги икки йирик француз инвесторлари ҳам худди шу йўлни танладилар. 11 апрель куни Societe Generale молиявий гуруҳи Россиядаги банк ва суғурта фаолиятини тўхтатгани ҳақида маълум қилиб, Россиянинг “Росбанк”ини ўзининг узоқ йиллик ҳамкори, тадбиркор Владимир Потаниннинг “Интеррос” компаниясига сотишини маълум қилди.
27 апрель куни эса Renault автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияси Россиянинг Толятти шаҳрида жойлашган энг йирик енгил автомобиль ишлаб чиқарувчи АвтоВАЗ компаниясидаги 68 фоиз улушини Москванинг НАМИ илмий-тадқиқот институтига (афтидан, рамзий маънодаги суммага ёки бепул) ҳамда Москвадаги “Рено Россия” заводини Москва шаҳар ҳокимиятига “бераётгани” маълум бўлди.
Henkel Россиядаги заводларини ёпиш, сотиш ёки беришга тайёр
Германиянинг маиший кимё, косметика ва шахсий гигиена воситалари ишлаб чиқарувчи компанияси Henkel томонидан турли йўллар кўриб чиқилмоқда. Компания 19 апрель куни асосий қарорни эълон қилган ҳамда 29 апрель куни концерн раҳбари Карстен Кнобел Россия бозоридан чиқиш доирасида турли хил вариантлар – корхонани кейинчалик ҳисобдан чиқариш, сотиш, маҳаллий топ-менежерларга топшириш билан ёпиш мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Henkel’нинг Москва, Ленинград, Саратов, Уляновск, Челябинск, Новосибирск вилоятлари, Ставропол ва Перм ўлкаларида 11 та заводи мавжуд.
Бундан ташқари, сўнгги бир ярим-икки ҳафта ичида яна бир неча компаниялар Россиядаги бизнесларини сотишлари ёки тўхтатишлари ҳақида хабар қилишди.
22 апрель куни Швециянинг Essety компанияси (Zewa ҳожатхона қоғози, Libero болалар тагликларини ишлаб чиқарувчи) Россияда бизнес шароитларининг ёмонлашуви туфайли Ленинград вилоятининг Светогорск шаҳридаги учта заводини сотмоқчи эканлиги ҳақида хабар берди.
26 апрель куни Финляндиянинг пишлоқни қайта ишлаб чиқарувчи Valio компанияси ўзининг Москва вилояти Ершово қишлоғидаги заводини Россиянинг “Велсом” гўшт компаниясига сотганини эълон қилди. 28 апрель куни Франциянинг Total Energies компанияси Калуга вилоятидаги мотор мойи заводини фаолиятини шунчаки тўхтатишини маълум қилди.
Шундай қилиб, Ғарб компанияларининг Россия бозоридан чиқиб кетишининг иккинчи тўлқини давом этмоқда ва бу жараён май ойида кучайиши мумкин. Чунки, Германиянинг Volkswagen, Mercedes-Benz ва BMW каби автомобиль заводлари ишлаб чиқаришни тўхтатганига деярли уч ой бўлди ҳамда эртами-кечми улар Россия ҳудудидаги заводлари ходимларига мажбурий ишламай қолганлик учун яна қанча вақт иш ҳақи тўлаш ниятида эканликларини ҳал қилишлари лозим.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь