Россия Беларусни урушга тортмоқчи – Зеленский

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Беларусни Москва томонида туриб ҳарбий ҳаракатларга янада фаолроқ жалб қилиш учун янги саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини маълум қилди. Бу ҳақда у Украина Қуролли кучлари Бош штаби, Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси, Ташқи разведка хизмати ва Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда сўз очди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина махсус хизматлари Россия ва Александр Лукашенко ўртасида қўшимча алоқаларни қайд этмоқда, улардан мақсад – Минскни янги агрессив операцияларга қўшилишга кўндириш.

“Хусусан, Россия Беларусь ҳудудидан жанубий ва шимолий йўналишларда – ё Украинанинг Чернигов-Киев йўналишига қарши, ёки НАТО мамлакатларидан бирига қарши операциялар режасини айнан Беларусь ҳудудидан туриб амалга оширишни кўриб чиқмоқда”, дейди Зеленский.

Шунингдек, у Киев ихтиёрида мазкур масалалар бўйича бўлиб ўтган музокараларнинг тафсилотлари мавжудлигини қайд этган.

Унинг қўшимча қилишича, агар Лукашенко “хатога йўл қўйиб, Россиянинг ушбу ниятини ҳам қўллаб-қувватлашга қарор қилса”, Украина ўзини ҳимоя қилади. 

“Мудофаа ва хавфсизлик кучларимизга тегишли йўналишни кучайтириш ва Олий бош қўмондонлик ставкасида кўриб чиқилиб, тасдиқланадиган жавоб чоралари режасини тақдим этиш бўйича топшириқ бердим”, дейди Украина раҳбари.

Жорий йилнинг апрель ойидаёқ Зеленский ва Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезъинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари Андрей Коваленко Россия Беларусни урушга тортишга ҳаракат қилиши ҳақида огоҳлантирган. Украина разведкаси маълумотларига кўра, Минск аллақачон Украина ҳудудига олиб борувчи йўлларни ривожлантирмоқда ва артиллерия позицияларини жиҳозламоқда.

Бундан аввал Украина Президенти Россия Беларусь ҳудудида узоқ масофали дронларни бошқариш учун базалар ташкил этишни режалаштираётганини айтган эди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги Алоқа бошқармаси бошлиғи Юрий Игнат эса россияликлар ўзларининг зарба берувчи учувчисиз учиш аппаратлари парвози учун Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланаётганини билдирган эди.

Лукашенконинг ўзи эса апрель ойи бошида Беларусь Республикаси Қуролли кучларининг комплекс текшируви якунларига бағишланган йиғилишда мамлакат “урушга тайёргарлик кўраётганини” ва “ҳеч қандай тинчлик даври бўлиши мумкин эмаслигини” айтган. У ушбу текширувни “ҳеч қачон бўлмаган кенг кўламли ва қаттиқ” деб атаган.

“Биз урушга мутлақо қаршимиз. Биз урушни хоҳламаймиз, лекин армия айнан шунинг учун мўлжалланган. Агар тўсатдан кимдир биз билан қурол нишони орқали гаплашишга ва бизга қарашга қарор қилса, биз жавоб берамиз”, дейди Лукашенко. 

У топшириқлар даражаси ва уларнинг бажарилиш суръати “геосиёсий вазиятнинг жиддийлиги, Беларусь чегараларига бевосита яқин жойдаги воқеалар ва таҳдидлар” билан боғлиқлигини тушунтирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Зеленский Беларусь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг