Россия армияси ҳар куни украиналикларни ўлдирмоқда – Ярмоленко
Спорт
−
14 Март 2022
6663Украиналик футболчи Андрей Ярмоленко кеча, 13 март куни "Вест-Хэм" сафида "Астон Вилла"га (2-1) қарши ўйинда гол ургач, ҳиссиётларини жиловлай олмади. Украиналик футболчи Россия армияси ватанига бостириб кирганидан кейин биринчи бор гол урди ва унинг голини йиғи аралаш нишонлаши бутун дунёни ларзага келтирди.
Ярмоленкога кўра, Украинадаги вазият туфайли голдан сўнг ҳис-туйғуга берилган. У Россия армияси ҳар куни украиналикларниўлдираётганини ва бундай вазиятда футбол ҳақида ўйлаш қийин эканини таъкидлаган.
“Мамлакатимдаги вазият туфайли бу гол мен учун жуда ҳиссиётли эди. Ҳозирда футбол ҳақида ўйлаш мен учун жуда қийин, чунки Россия армияси ҳар куни украиналикларни ўлдирмоқда. Тўғрисини айтсам, нима дейишни билмайман. Мен жуда ҳам ҳаяжондаман. Жамоадошларим, "Вест-Хэм" мухлислари ва барча британияликларга раҳмат айтмоқчиман, чунки биз сизнинг қўллаб-қувватлашингизни ҳис қиляпмиз”, деган “Вест-Хэм” яримҳимоячиси.
Андрейнинг қўшимча қилишича, 26 февралдан буён “Вест-Хэм”нинг машғулотларига деярли қатнашмаган. Асосий вақтини халқи ва оиласи ҳақида қайғуриш билан ўтказганини айтган.
“Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис этдим ва майдонда боримни беришга ҳаракат қилдим, чунки бугунги ўйин биз учун қанчалик муҳимлигини билардим. Мен футбол ўйнашга 100 фоиз тайёр эмасман, чунки охирги икки ҳафтада уч ёки тўрт марта машғулот ўтказдим. 26 февралдан бери машғулот ўтказишнинг иложи бўлмагани учун тўрт кун дам олишга мажбур бўлдим. Мен фақат оилам ва халқим ҳақида ўйлардим”, деган Ярмоленко “Sky Sports” нашрига берган интервьюсида
Маълумот ўринида, “Вест-Хэм” 2021-2022 йилги мавсумда Англия Премьер лигасида 29 та ўйиндан сўнг, 48 очко тўплаган ҳолда, мусобақа жадвалида 6-ўринда қайд этилган.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь