Россия Африканинг олти давлатига 200 минг тонна донни текинга етказиб берганини эълон қилди
Олам
−
21 Февраль
4882Россия Африканинг олти давлатига 200 минг тонна буғдойни гуманитар ёрдам сифатида етказиб берди. Бу ҳақда кеча, 20 февраль куни Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев Президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди.
Вазирнинг аниқлик киритишича, Мали, Буркина-Фасо, Зимбабве ва Эритреяга 25 минг тоннадан, Сомали ва Марказий Африка Республикасига 50 минг тоннадан дон етказиб берилган.
"Қишлоқ хўжалиги вазирлиги "Бирлашган дон компанияси" билан биргаликда Ташқи ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг ёрдами билан Африка қитъасининг олтита энг қашшоқ давлатига буғдой етказиб берди", дейди Патрушев.
Вазирнинг қўшимча қилишича, биринчи кема ўтган йилнинг 7 ноябрида жўнаб кетган, охиргиси эса январь ойи охирида Сомалига етиб борган. Ҳар бир кеманинг манзилга етиб бориши учун ўртача ҳисобда тахминан 30-40 кун вақт кетган.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб Россия ва Африка қитъаси мамлакатлари ўз савдо айланмасини камида икки баробарга ошириши мумкин. Расмий Москванинг режасига кўра, олти йил ичида бу кўрсаткич 36 миллиард долларга етиши керак.
Маълумот учун, 2023 йилда Россия Украина портларидан дон экспорт қилиш бўйича келишувдан чиқишини эълон қилгач, Путин Африканинг олтита давлатига дон етказиб беришини айтган. Унинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари Россиянинг дон битими бўйича талабларини амалга оширишга тўсқинлик қилишда давом этмоқда. Россия ва Украина 2022 йил июль ойида Туркия ва БМТ воситачилигида алоҳида дон битими тузган. Битимларнинг бир қисми Украинадан ғалла экспорти билан боғлиқ бўлса, иккинчиси Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини экспорт қилишдаги тўсиқларни олиб ташлаш билан боғлиқ эди. Россия келишувнинг иккинчи қисми бажарилмаётганини бир неча бор таъкидлаган. Москва Ғарбни Украинадан ғаллани энг қашшоқ мамлакатларга эмас, Европага етказиб беришда ҳам айблаган. 2023 йил 18 июлда Россия келишувдаги иштирокини расман якунлади.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси