Россия 9 майгача Часов Ярни қўлга киритишни мақсад қилган – Сирский
Олам
−
15 Апрель
6119Россия қўшинлари Украина шарқидаги баландликларни назорат қилиш учун муҳим жангга трамплин яратиш мақсадида 9 май Ғалаба кунигача Часов Яр шаҳарчасини эгаллашни мақсад қилган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский кеча, 14 апрель куни маълум қилди.
Сирский фронтдаги вазият ёмонлашгани ҳақида огоҳлантирган ва Россия ўз саъй-ҳаракатларини Бахмутнинг ғарбий қисмида Часов Ярни қўлга киритишга ва кейин Краматорскка боришга қаратганини айтган.
Унинг таъкидлашича, Украина қўшинлари Донецк вилоятида Россия қўшинларининг олдинга силжишини тўхтатмоқда, улар ўқ-дорилар, дронлар ва электрон уруш ускуналари билан таъминланган.
“Россия олий ҳарбий раҳбарияти ўз қўшинлари олдига 9 майгача Часов Ярни қўлга киритиш вазифасини қўйганини ҳисобга олсак, таҳдид долзарблигича қолмоқда”, дейди Сирский.
Украина Президенти Владимир Зеленский аввалроқ Кремль баҳор охирида ёки ёзда йирик ҳужумга тайёргарлик кўриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Филадельфиядаги ташқи сиёсат тадқиқот институтининг катта илмий ходими Роб Ли Часов Яр ҳудудида кенг кўламли жанг бўлиши мумкинлигини прогноз қилди.
“Часов Яр мудофаа учун қулай тепаликда жойлашган. Агар Россия бу шаҳарни қўлга киритса, кутилаётган ёзги ҳужум доирасида Донецк вилоятига чуқурроқ кириб бориш тезлигини ошириши мумкин бўлади”, дейди эксперт.
Маълумот учун, Часов Яр ўтган йилнинг май ойида бир неча ойлик қонли жанглардан сўнг Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Бахмутдан 5-10 километр узоқликда жойлашган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь