Россия ҳам жинсий зўравонлик бўйича “қора рўйхат”га кирди
Олам
−
10:39 2235 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қуролли можаролар билан боғлиқ жинсий зўравонликлар ҳақидаги янги ҳисоботида Исроил ортидан Россияни ҳам бундай жиноятларда гумон қилинаётган давлатлар рўйхатига қўшди. Бу ҳақда кеча, 29 май куни БМТ “Қуролли можаролар билан боғлиқ жинсий зўравонлик” ҳақидаги ҳисоботида эълон қилди.
БМТнинг маълумотига кўра, 2025 йилда Ғазо сектори ва босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроил хавфсизлик кучлари томонидан фаластинликларга қарши жинсий зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Ҳисоботда 14 нафар эркак, 7 нафар аёл, 9 нафар ўғил бола ва 1 нафар қиз болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари тасдиқлангани айтилган.
БМТ махсус вакили Прамила Паттеннинг таъкидлашича, Исроил томонига профилактик чоралар ва жавобгарлик бўйича маълумот тақдим этиш ҳақида бир неча бор мурожаат қилинган, аммо мазмунли жавоб олинмаган.
Шунингдек, БМТ Россияни ҳам Украинадаги уруш давомида жинсий зўравонлик ҳолатлари давом этаётгани сабабли рўйхатга киритди. Ҳисоботда Россия ҳарбийлари ва хавфсизлик кучлари томонидан содир этилган 310 та ҳолат тасдиқлангани қайд этилган. БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё бўйича қарийб 10 мингта можаро билан боғлиқ жинсий зўравонлик ҳолати қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўпдир.
Бундай рўйхатга киритиш автоматик равишда санкциялар жорий этилишини англатмайди, аммо давлатнинг халқаро нуфузига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, рўйхатда доимий қолиб келаётган томонлар БМТ тинчликпарварлик операцияларида иштирок эта олмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Исроилни жинсий зўравонликни қўллаганлар “қора рўйхати”га киритганидан сўнг, Тель-Авив БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан алоқаларни тўхтатганини эълон қилган эди.
Live
Барчаси