Россия ҳали барча “кўприк”ларни бузгани йўқ – Зеленский руслар билан сулҳдан умидвор
Олам
−
07 Май 2022
13630Украина Президенти кеча, 6 май куни Британиянинг “Chatham House” таҳлил маркази билан ўтказилган суҳбат чоғида Россия ҳалигача барча дипломатик кўприкларни ёқиб юбормаганини билдириб, тузилиши мумкин бўлган тинчлик сулҳи ҳақида сўз очди. Бу ҳақда “Sky news” ва “Business insider” нашрлари хабар бермоқда.
Зеленский тинчлик келишувига рози бўлиши учун рус қўшинлари босқин бошланишидан олдин (2022 йил 23 февраль) турган жойига чекиниши кераклигини урғулаган.
“Бунинг зарурий шарти 23 февралдаги вазиятни тиклаш бўлади. Улар (рус ҳарбийлари) чекиниши керак. Шундай вазиятда биз масалаларни одатдагидек муҳокама қилишни бошлашимиз мумкин” дейди у.
Шунингдек, у сўзи давомида ҳали-ҳануз Россия билан муносабатда “тинчлик кўприклари” мавжуд эканлигини, аввало, давлатларнинг дипломатлари тинчлик ўрнатилишига келишишлари лозимлигини таъкидлаган.
“Аммо бунинг учун дипломатлар зўравонликни тўхтатишга рози бўлиши лозим. [Россия] бизнинг кўплаб кўприкларимизни вайрон қилганига қарамай, кўприкларнинг ҳаммаси, маъжозий маънода, ҳали бузилганича йўқ”, дейди Зеленский “тинчлик кўприклари”га ишора қилиб.
Президент Путинни ҳарбий жиноятларда айблаган Зеленский у билан нима содир бўлишига аҳамият бермаслигини ва Россия раҳбари унинг учун ҳеч нарсани англатмаслигини қўшимча қилди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, ғалаба Украина ҳудуди ва унинг халқига тегишлидир. У иқтисодни урушдан олдинги даражага қайтариш, Европа Иттифоқига қўшилиш ва кўчирилган фуқароларни ўз Ватанига қайтариш истагида эканини айтади.
Собиқ актёр Украинадаги вайронагарчилик ва урушнинг кенг кўламли оқибатларини Ғарб ҳис қилишини истаётганини қўшимча қилади.
“Улар (Ғарб) бизнинг дардимизни ҳис қилишлари керак – бу уларни бирлаштиради ва ҳеч қандай Россия пропагандаси таъсири остида қолмайдилар ҳамда улар бизга ҳар томонлама ёрдам берадилар”, дейди Зеленский суҳбат давомида.
Сардор Бегалов
LiveБарчаси