Роналдуга терма жамоани тарк этгани учун бериладиган жазо маълум бўлди – ОАВ
Спорт
−
14:44 1728 2 дақиқа
Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси базасини рухсатсиз тарк этгани учун бир ойдан олти ойгача дисквалификация қилинади. Бу ҳақда “A Bola” хабар берди.
Манбага кўра, 41 ёшли ҳужумчига нисбатан Португалия футбол федерациясининг интизом регламенти 160-моддаси асосида иш очилган. Унга кўра, мунтазам равишда терма жамоага чақириладиган футболчи машғулот, учрашув ёки терма жамоанинг бошқа тадбирида узрли сабабсиз иштирок этмаса, бир ойдан олти ойгача дисквалификация қилиниши мумкин.
Нашр маълумотларига кўра, Роналдуга нисбатан жазо қўлланилиши муқаррар. Айни пайтда фақат жазонинг оғир ёки енгил бўлиши масаласи ҳал қилинмоқда.
Аввалроқ, Роналду Миллатлар лигасида Норвегияга қарши учрашувда захирада қолдирилганидан сўнг терма жамоа ихтиёрини тарк этган эди. Кейинчалик Жезус Роналду учун терма жамоа эшиклари очиқлигича қолишини, бироқ футболчидан узр сўрашни зарур деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Роналдусиз Португалия Миллатлар лигасидаги учта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди. Криштиану эса “Ал-Наср” ихтиёрига қайтиб, клуб билан машғулотларни бошлади.
Роналду эса Жезус бош мураббий бўлиб қолар экан, терма жамоага қайтиш нияти йўқлигини билдирган. Хабарларга кўра, футболчини мураббийнинг оммавий баёнотлари энг кўп ранжитган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси йиғинини рухсатсиз тарк этгани учун жамоадошлари ва мухлислардан узр сўради ва мамлакат футбол федерацияси томонидан жазоланишини асосли деб айтганди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь