Роберт Кеннедининг ўлдирилишига оид ҳужжатлар эълон қилинди

Олам

image

АҚШда мамлакатнинг 35-президенти Жон Кеннедининг укаси – сенатор Роберт Кеннедининг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳужжатларнинг бир қисми ошкор қилинди. Бу ҳақда АҚШ Миллий архиви расмий веб-сайтида эълон қилинди.

“Сенатор Роберт Ф.Кеннедининг фожиали ўлдирилишидан қарийб 60 йил ўтиб, ниҳоят Америка халқи федерал ҳукумат олиб борган тергов натижалари билан танишиш имконига эга бўлмоқда. Бу Президент Дональд Трампнинг шаффофликка содиқлиги ва етакчилиги эвазига амалга ошди,” деб ёзди АҚШ Миллий разведка директори Тулси Габбард Х’даги саҳифасида.

Сенаторнинг ўғли, АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири кичик Роберт Кеннеди ҳамда Тулси Габбарднинг биргаликдаги баёнотида таъкидланишича, Миллий архивда сақланаётган ҳужжатлар қўлда сканер қилиниб, интернетга юкланган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳужжатлар фақат шахсий маълумотлар, хусусан, ижтимоий суғурта рақамлари ва солиқ идентификация рақамлари каби маълумотларни яшириш мақсадида минимал таҳрир билан эълон қилинмоқда.

“Роберт Кеннедига оид ҳужжатларни очиқлаш – АҚШ ҳукуматига бўлган ишончни тиклаш йўлида зарур ва кечиктириб бўлмас қадамдир. Мен Президент Трампга бу борадаги жасорати ва шаффофликка содиқлиги учун миннатдорчилик билдираман,” деди кичик Роберт Кеннеди.

Тулси Габбарднинг айтишича, ҳужжатларни қидириш жараёнида яна 50 минг саҳифалик материаллар аниқланган бўлиб, ҳозирда уларни эълон қилишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. У, шунингдек, расмийлар суиқасд билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни ҳам излашни давом эттираётганини маълум қилди.

Маълумот учун, АҚШ қонунчилигига кўра, Кеннедининг ўлдирилиши билан боғлиқ барча материаллар 2017 йилгача тўлиқ ошкор этилиши керак эди. Бироқ Дональд Трамп ҳам, ундан кейин президентликка келган Жо Байден ҳам разведка хизматларига бу ҳужжатларнинг ошкор қилиниши миллий манфаатлар ва халқаро алоқаларга зарар етказиши мумкинлигини баҳолаш учун қўшимча вақт берган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида АҚШ расмийлари собиқ президент Жон Кеннеди ва ҳуқуқ ҳимоячиси Мартин Лютер Кингнинг ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жон Кеннеди Роберт Кеннеди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг