Ризо Паҳлавий Эрондаги ҳукуматни ағдармоқчи

Олам

image
Эрон маликаси яҳудий тадбиркорга турмушга чиқди. Эронликлар қандай муносабатда? north_east

Эрон маликаси яҳудий тадбиркорга турмушга чиқди. Эронликлар қандай муносабатда?

Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли Ризо Паҳлавий Исроил томонидан Эрон ҳудудига уюштирилган зарбаларга муносабат билдирар экан, халқаро ҳамжамиятни Эрондаги ҳокимиятни ағдаришда мамлакат халқига кўмак беришга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 13 июнь куни ўзининг Х’даги саҳифасида ёзди.

“Эрон билан боғлиқ ҳозирги инқирознинг ягона ечими мавжуд: Эрон ва бутун дунёни гаровда ушлаб турган режимни ағдаришда эронликларга ёрдам бериш”, деб ёзди у.

Паҳлавий Ислом Республикасини миллий бойликларни талон-торож қилишда, ядровий дастур учун маблағ сарфлаб, мамлакатни уруш ёқасига олиб келишда айблади. Унинг айтишича, Эрон ҳукумати “музокаралар олиб бориш учун ишончли ҳамкор эмас” ва унга ҳақиқий муқобил – бу тинчликни, урушсиз хавфсиз келажакни истовчи Эрон халқидир.

У халқаро ҳамжамиятни Эронга нисбатан максимал босим, жумладан, санкцияларни тиклаш орқали жавоб қайтаришга ва “режимга қарши мардонавор курашаётган Эрон халқини қўллаб-қувватлашга” чақирган.

Шу билан бирга, кеча, 13 июнь куни Исроилнинг Диаспоралар ишлари бўйича вазири Амихай Шикли Х’даги саҳифасида Эроннинг сўнгги шоҳининг ўғли Ризо Паҳлавий билан тушган суратини жойлаштирди ва Паҳлавийнинг Теҳронга боришига ишора қилди.

“Тез орада Теҳронда”, дея изоҳ қолдирган у сурат остида.

Маълумот учун, Паҳлавийлар сулоласи Эронни 1925 йилдан 1979 йилгача бошқарган. Сулола асосчиси – Ризо Шоҳ Паҳлавий. У аввалги Қожар сулоласини ағдариб, ҳокимиятни эгаллаган. 1979 йилда халқ норозиликлари ва Руҳуллоҳ Хумайний бошчилигидаги Ислом инқилоби туфайли ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган.

Ризо Паҳлавий – Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг тўнғич ўғли ва Паҳлавий сулоласининг меросхўри ҳисобланади. У 1960 йил 31 октябрда Теҳронда туғилган. Паҳлавий Эрон монархияси тугатилгач, 1979 йилги Эрон Ислом инқилоби вақтида мамлакатдан чиқиб кетган. У Эронда тақиқланган Эрон Миллий Кенгашининг асосчиси ва раҳбари саналади. Айни пайтда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида истиқомат қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон-Исроил Ризо Паҳлавий Муҳаммад Ризо Паҳлавий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг