Сардоба сув омборининг тошиши бўйича қўшимча маълумот берилди. Арипов Сирдарёга етиб борди
Жамият
−
01 Май 2020
25388Аввалроқ, бугун, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келгани ҳақида хабар берган эдик. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. ФВВ ҳодиса бўйича қўшимча маълумот берди.
Унга кўра, айни вақтда Оқолтин тумани “Абдуалим” МФЙ аҳолисини эвакуация қилиш ишлари бошланган.
Воқеа жойига Ўзбекистон Ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия (МГ) ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқдалар.
Мазкур тадбирларга Сирдарё вилояти ФВБдан 430 шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди.
Жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган.