Риши Сунак яна жаримага тортилди
Олам
−
21 Январь 2023
11147Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ижтимоий тармоқларга жойлаган видеосида ҳаракатланаётган машинада хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, Риши Сунак Англия шимоли бўйлаб саёҳат қилаётганида ҳукумат харажатларини “кўпайтириш”нинг сўнгги босқичини тарғиб қилиш учун видео суратга олган ва уни Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган. Видеода машина орқа ўриндиғида ўтирган бош вазир хавфсизлик камарини тақмагани кўринади. Шунинг учун Ланкашир полицияси (Англия шимолидаги графлик) унга шартли равишда жазо белгилаган. Полиция Сунак хатосини тан олиб, кечирим сўраганини ва жарима тўлашини маълум қилган.
Маълумот учун, Британия қонунчилигига кўра, хавфсизлик камарини машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган йўловчилар ҳам тақиши шарт. Хавфсизлик камарини тақмаган йўловчилар эса 100 фунт стерлинг (1 млн 400 минг сўм) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Агар иш судга оширилса, бу миқдор 500 фунт стерлинг (7 млн сўм)гача ошиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Сунак ҳукумат таркибида бўлган даврида иккинчи марта жарима тўлаш ҳақида огоҳлантирилмоқда. Ўтган йилнинг апрелида у ўша пайтдаги бош вазирнинг туғилган кунига бағишланган йиғилишда қатнашиб, COVID блокировкаси қоидаларини бузгани учун жаримага тортиган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси