Реставрацияси учун 3,1 млрд сўм ажратилган Бухоро амирининг саройи қачон таъмирланади?
Жамият
−
05 Май
9385Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Кармана туманидаги "Мирзачорбоғ" саройи маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бўлса-да, ҳали ҳамон қаровсиз қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги яна ўз муносабатини билдирди.
"Ҳозирги кунда ушбу объектда таъмирлаш-тиклаш ишлари учун ажратилган маблағлар белгиланган тартибда молиялаштирилиб, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги “Маданий мерос объектлари реставрацияси” дирексия маркази ҳамда пудратчи ташкилот ўртасида шартномалар тузилиб, таъмирлаш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.
Ёдгорликнинг мураккаблик даражаси ҳамда унинг кўламини инобатга олган ҳолда мазкур объектни топшириш ишлари 2025 йилнинг IV чорагига режалаштирилган", дейилади муносабатда.
Маданий мерос агентлиги бу каби ҳолатларга кенг жамоатчиликнинг бефарқ эмаслиги ҳамда маданий мерос объектларини асраб-авайлашга ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари учун ўз миннатдорчилигини изҳор этган.
Маълумот учун, “Мирзачорбоғ” саройи Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхоннинг ёзги қароргоҳи ҳисобланган. 1900-1905 йилларда барпо этилган, бетакрор меъморий услубга эга ушбу сарой нафақат тарихийлиги, балки наққошлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги санъатининг ўша даврга хос намуналари акс этгани билан қимматлидир.
Навоий вилояти Кармана тумани “Кўҳнақўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган обида таъмирталаб аҳволга келиб қолгани учун Маданият вазирлиги томонидан 2020 йилда маданий мерос объектларни таъмирлаш-тиклаш дастурига киритилган эди. Ушбу объект реставрацияси учун бюджетдан 3,1 миллиард сўм ажратилгани ҳам маълум қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь