Республика махсус комиссияси халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга рухсат берди
Жамият
−
26 Февраль 2021 3126 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори қабул қилинди.
Унга асосан, жорий йилнинг 20 февралидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда, санитария-эпидемиология меъёрлари ва қоидалари талабларига қатъий мувофиқ равишда Ўзбекистон ҳудудида халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга рухсат этилди.
Халқаро кўргазма ва ярмаркаларни ташкил этиш доирасида қуйидаги талаблар белгиланган:
• ташкилотчи Республика ҳудудида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган тадбирларнинг барча босқичларида эпидемиологик тартибларга риоя этилиши устидан назоратни таъминлаши шарт;
• барча тадбир иштирокчиларидан ҳимоя ниқоби ёки респиратор тақишлари талаб қилинади;
• тадбирга киришда барча иштирокчилар пирометрлар ёрдамида ҳароратни ўлчаш жараёнидан ўтиши талаб этилади, юқори ҳарорат ёки юқумли касалликлар белгилари бўлган шахсларга тадбирда қатнашишга рухсат берилмайди;
• экспозициялар орасидаги масофа кенглиги камида 3 метр бўлиши керак;
• тадбир ўтказиш жойларида шамоллатиш тизимлари кираётган ҳавонинг чиқаётганидан устунлигини таъминлаши керак.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Республикада барча турдаги оммавий тадбирлар тўхтатилган эди.
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
03 Февраль
Путин “қора шаҳзода” билан телефонлашди
03 Февраль
Қашқадарёда ЙПХ машинаси ёниб кетди
03 Февраль