Референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди
Жамият
−
01 Май 2023
14799Кеча, 30 апрель якшанба куни бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисидаги Конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича” умумхалқ референдумида жами 16 миллион 673 минг 189 нафар фуқаро ёки умумий овоз берувчиларнинг 84,24 фоизи иштирок этган. Бу ҳақда, бугун, 1 май куни Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида бўлиб ўтган брифинг давомида Комиссия раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.
Унинг айтишича, овоз беришда қатнашганларнинг 15 млн 040 минг 55 нафари ёки жами овоз берувчиларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб ("ҳа" деб) овоз берган. Қолган 9,35 фоизи эса “йўқ” дея қарши овоз берган.
“Ушбу дастлабки маълумотларга таяниб, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон Республикаси халқи томонидан референдумда қабул қилинган дейишга барча асослар бор! Албатта, референдумнинг якуний натижалари Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилиниб, расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради”, деди Зайниддин Низомхўжаев.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Республикаси референдуми халқаро норма ва стандартларга, референдум қонунчилигига ва талабларига мос равишда бўлиб ўтган. Жараёндаги айрим камчиликлар эса ўз вақтида бартараф этилган.
LiveБарчаси