Расул Кушербаев россиялик депутатнинг гапига савол билан жавоб қайтарди
Жамият
−
20 Октябрь
30372Аввалроқ, Россиядаги “Справедливая Россия – за правду” (СРЗП) партияси раиси Сергей Миронов Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Россияда урушга ёлланмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарши чиқиб, нега мигрантлар уларни “боқаётган” мамлакатни ҳимоя қила олмаслигини айтганди ва бундай мигрантлар Россияга керак эмаслигини иддао қилганди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев россиялик депутатга агар Ўзбекистон ўз ҳудудида ишлаётган россиялик фуқароларни Ўзбекистон манфаати учун қаергадир урушга жўнатганида Россия дипломатик ваколатхоналари индамай туришармиди, дея савол билан юзланди.
“Ўзбекистон дипломатик идораси Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган нормаларни ўз фуқароларига эслатгани учун Россиядан виза режими жорий этиш таҳдиди янграётгани, Россия сиёсатчилари Ўзбекистонни ўзларига қарам давлат сифатида кўришини англатмоқда. Афсуски, юқори мартабали сиёсатчининг бу гаплари Россия томони Ўзбекистон билан алоқаларни бузиш учун баҳона қидираётганини кўрсатмоқда”, дея ёзган Кушербаев ўзининг Теlegram саҳифасида.
Шунингдек, вазир маслаҳатчиси Мироновга савол билан юзланган.
“Агар Ўзбекистон ўз ҳудудида ишлаётган рус фуқароларини Ўзбекистон манфаати учун қаергадир урушга жўнатганида Россия дипломатик ваколатхоналари индамай туришармиди? Кейин Ўзбекистонда ҳам қарши томонга нисбатан худди шундай виза режими жорий этиш имконияти борлигини унутмаслик керак. Менимча, Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатига Захаровадан сўнг ким киритилиши кераклиги кўпчиликка тушунарли бўлган бўлса керак”, деган Кушербаев.
Бундан олдин Мироновнинг ушбу гапларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам фикр билдириб, Россияни Мироновнинг ўзи ва яқинлари ҳимоя қилиши лозимлигини айтганди. Шу билан бирга, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса россиялик депутатнинг гапларига жавобан “бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини” айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси фуқароларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирганди. Бош консулхона баёнотида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилиниши қайд этилган.
Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг 154-моддасига (Ёлланиш) кўра, хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтганди.