Расман! Вакиллар палатаси назорати Республикачилар қўлига ўтди
Олам
−
17 Ноябрь 2022
8526Кеча, 16 ноябрь куни Республикачилар партияси Америка Қўшма Штатлари Конгрессининг Вакиллар палатасида назоратни ўрнатиш учун зарур бўлган 218 та ўринни қўлга киритди. Демократлар партияси эса Сенат устидан назоратни сақлаб қолди. Республикачилар Вакиллар палатасида кутилганидек “қизил тўлқинни” юзага келтиролмайди. Аммо, улар Президент Байденнинг қонунчилик ғояларини жиловлай олади.
“Edison Research” таҳлилларига кўра, Республикачилар Калифорниядаги сайлов округида ғалаба қозониб, Вакиллар палатасидаги ўринлари сонини 218 та етказди. Партия ўзи учун минимал вазифани уддалади. Сайлов олди таҳлилларда ҳам Республикачилар ҳеч бўлмаганда Вакиллар палатасида назоратни қўлга олиши мумкинлиги айтилганди.
Республикачилар партияси раҳбари Кевин Маккарти олдида қийин йўл турибди. Бунинг устига собиқ Президент Дональд Трамп 2024 йилги сайловларда иштирок этишини эълон қилди. Бу эса Маккарти учун Демократларга қарши овозларни тўплаш учун муаммоларни пайдо қилади.
Республикачилар партияси етакчисининг қайд этишича, америкаликлар янги ғояларга тайёр турибди.
“Америкаликлар янги ғояларга тайёр. Республикачилар партияси эса буни амалга оширишга қодир", деган Маккарти Тwitter саҳифасида.
Жо Байден катта йўқотишга қарамай Маккартини табриклади ва унга Америка халқи улар учун биргаликда ишлашни хоҳлашини таъкидлади.
“Америка халқи биздан улар учун ишларни қилишимизни хоҳлайди”, деган АҚШ етакчиси.
Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг ишонч билдиришича, Демократлар Президентнинг қонунчилик кун тартибини қўллаб-қувватлашда давом этадилар.
“Демократлар Президент Байденнинг қонунчилик кун тартибини қўллаб-қувватлашда етакчи роль ўйнашда давом этади. Бунга Республикачиларнинг кам сонли аъзоларига кучли таъсир кўрсатиш орқали эришилади”, деган спикер.
Республикачилар кутган “қизил тўлқин” ўз қирғоғига етиб келолмади. Аммо консерваторлар ўзларининг ғояларига содиқ қолмоқда.
Республикачилар Демократларнинг Трампга қарши икки марта импичментга уринишлари учун қасос сифатида Байден маъмурияти расмийлари ва Президентнинг ўғли Хантернинг Хитой ва бошқа давлатлар билан, ҳатто, Байденнинг ўзи билан боғлиқ бизнес алоқаларини текширишга тайёрланмоқда.
Халқаро жабҳада Республикачилар Россия кучларига қарши курашаётган Украинага АҚШнинг ҳарбий ва иқтисодий ёрдамини тўхтатишга ҳаракат қилиши ҳам мумкин.
LiveБарчаси