Расман: Ўзбекистонда бесоқолбозлиги учун қамалганлар қанчалиги очиқланди
3-саҳифа
−
22 Апрель 2021
53035Ўзбекистонда охирги 5 йилда Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) билан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар қанча? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ)га мурожаат қилди.
Бош бошқармадан жорий йилнинг 12 апрель куни таҳририятга йўлланган жавоб мактубида 2016-2020 йиллар давомида ушбу жиноят тури билан жавобгарликка тортилган шахслар 44 нафарни ташкил этиши айтилган. Жумладан:
• 2016 йилда 6 нафар;
• 2017 йилда 15 нафар;
• 2018 йилда 7 нафар;
• 2019 йилда 7 нафар;
• 2020 йилда 9 нафар киши Жиноят кодексининг 120-моддаси билан жавобгарликка тортилган.
“Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ тизимидаги жазони ижро этиш колонияларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 120-моддасида назарда тутилган ушбу жиноятни содир этганликда айбланиб, судланган шахслар сони 49 тани ташкил этади. Ушбу жиноят турини содир этган шахсларга нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг, улар ўрнатилган тартибда суд томонидан тайинланган жазони ўташ турига қараб жазони ижро этиш колонияларига юбориладилар.
Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тизим ва тасарруфидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар томонидан такрорий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, уларнинг хулқ-атворларини психологик жиҳатдан ўрганиш, кўникиш даврида мослашишга руҳий жиҳатдан ёрдамлашиш мақсадида психологик ишларни олиб борувчи психолог хизмати ташкил этилган. Шунингдек, бу тоифадаги маҳумлар билан доимий равишда психологик ишлар индивидуал тарзда олиб борилиши йўлга қўйилган”, дейилади ИИВ ЖИЭББнинг QALAMPIR.UZ’га йўллаган мактубида.
Аввалроқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиққанди.
Шундан сўнг, бу масала кун тартибига чиқди ва айни вақтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиняпти. Бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаганди.
Жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозликни қўллаб-қувватлаётган шахслар ва уларнинг ғояларига қарши намойиш ўтказилди.
Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ “Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди.
Шундан сўнг АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўради. Унинг ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.
Хорижлик дипломатларнинг муносабатидан кейин Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаб, ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши кераклигини таъкидлади.
LiveБарчаси