Расман: Қозоғистонда яна конституциявий ўзгаришларга старт берилди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия (Конституциявий комиссия) тузиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармон матни кеча, 21 январь куни давлат раҳбари сайтида эълон қилинди. 

Қайд этилишича, комиссия Конституциявий ислоҳот бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилмоқда. 

Фармон билан комиссия тўғрисидаги низом ва унинг таркиби тасдиқланди, унинг ижросини назорат қилиш эса Қозоғистон Республикаси Президенти Администрациясига юклатилди. Ҳужжат имзоланган кундан бошлаб кучга киради. 

Конституцияга ўзгаритиришлар киритиш ва бу бўйича комиссия тузиш ҳақида Тўқаев 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги чиқиши чоғида айтган эди. Ўшанда давлат раҳбари бу ишлар кўлами бўйича янги Конституцияни қабул қилиш билан баробар эканини урғулаган. 

Президент Конституциявий комиссия таркибига 100 дан ортиқ киши, жумладан, Миллий қурултой аъзолари, таниқли ҳуқуқшунослар, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, маслиҳатлар раислари, ҳудудий жамоатчилик кенгашлари вакиллари ва бошқа мутахассислар киришини маълум қилди. Комиссия ишига Конституциявий суд раиси Эльвира Азимова, раис ўринбосарлари – давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин ва Бош вазир ўринбосари – маданият ва ахборот вазири Аида Балаева раҳбарлик қилади. Комиссия котиби этиб президент маъмурияти давлат-ҳуқуқ бўлими мудири Айдар Жарилғанов тайинланди. 

Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишида Президент Тўқаев мамлакат бир палатали парламент тизимига қайтиши ва у Қурултой деб номланиши, вице-президент лавозими тикланиши, давлат маслаҳатчилари лавозими тугатилиши, шунингдек, Конституцияга қатор ўзгартиришлар киритилишини айтган эди. 

Маълумот учун, Қозоғистон Республикаси Конституцияси бугунгача 6 марта ўзгарган ва сўнгги ўзгариш 2022 йилда бўлган эди. 

Конституциявий ўзгаришлар:

1998 йилда – президент ва парламент депутатларининг ваколат муддатлари узайтирилди. 2007 йил – пропорционал сайлов тизимига ўтилди ва Биринчи Президентга чексиз марта сайланиш ҳуқуқи берилди. 2011 йил – муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби белгиланди. 2017 йил – айрим президентлик ваколатлари парламент ва ҳукуматга ўтказилди. 2019 йил – пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилиши муносабати билан тузатиш киритилди. 2022 йил – умумхалқ референдуми орқали Конституциянинг учдан бир қисми (33 та модда) ўзгартирилди. Президентлик муддати 7 йил – бир марталик этиб белгиланди

 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг