Расман: Исроил Эронга зарбаларни тўхтатди

Олам

image

Бугун, 8 апрель куни Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Эронга зарба бериш тўхтатилганини, бироқ Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” аъзоларига ҳужумлар давом эттирилишини маълум қилди. Бу ҳақда ЦАХАЛ матбуот хизматининг Telegram-каналида хабар берилди.

ЦАХАЛ вакиллари расмий баёнот чиқариб, унда Исроил Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га қарши операцияларни давом эттиришини кўрсатиб ўтган.

“Сиёсий раҳбарият кўрсатмаларига мувофиқ, ЦАХАЛ Эронга қарши ўт очишни тўхтатди ва ҳар қандай қоидабузарликларга жавоб қайтариш учун юқори шайлик ҳолатида турибди.

Шу билан бирга, Ливанда ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ” ташкилотига қарши мақсадли қуруқликдаги операцияларни ўтказишда давом этмоқда. Фронторти қўмондонлиги вазиятни доимий баҳолаб бормоқда. Мудофаа ҳаракатларидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида жамоатчилик хабардор қилинади”, дейилади хабарда.

Мамлакат аҳолисидан Фронторти қўмондонлиги кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қилишда давом этиш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШ ва Эрон Покистон илтимосига биноан 2 ҳафталик сулҳга эришгани ҳақида эълон қилган эди. Трамп Эрон Ҳормуз бўғозини тўлиқ, дарҳол ва хавфсиз очишга рози бўлиши шарти билан Эронга қарши бомбардимон ва ҳужумларни икки ҳафта муддатга тўхтатишга рози эканини билдирган. Шунингдек, у Эрондан 10 банддан иборат таклиф олганини ва уни музокаралар олиб бориш учун мақбул асос деб ҳисоблашини қайд этган. 

Қайд этиш жоиз, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрон ва АҚШ рози бўлган ўт очишни тўхтатиш “Ливанда ва ҳамма жойда” амал қилиши кераклигини айтганди. Бироқ Исроил бу баёнотни рад этмоқда. Хусусан, сулҳ эълон қилингандан кейин ҳам Ливан жанубида жойлашган Ал-Калаила аҳоли пункти яқинида Исроил дрони тез ёрдам машинасига зарба берди. Ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Исроил сулҳ ЦАХАЛ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг