Расман: Бугун Туркманистон Туркий Кенгашда кузатувчи мақомини олади

Олам

image

Аввал хабар берилганидек, бугун, 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Унда Туркманистон Кенгашда кузатувчи мақомини олади. 

Кенгашга аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Туркияга етиб келди. 

Саммит "Рақамли асрда яшил технологиялар ва ақлли шаҳарлар" мавзусида Истанбулдаги Демократия ва эркинлик оролида бўлиб ўтади. 

Саммитда ташкилотнинг бугунги фаолияти ва келажаги, жумладан Туркий кенгаш номини Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартириш ва келаси 20 йилга мўлжалланган истиқбол ҳужжатини қабул қилиш режалаштирилган. 

Раислик Озарбайжондан Туркияга ўтаётган саммитда хавфсизлик, сиёсат, иқтисод, товар айирбошлаш, маданий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинади. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг октябрь ойида Бакуда бўлиб ўтган саммитда иштирок этди. 

Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи кучга эга бўлган Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши ортидан ташкилотнинг мавқеи ҳам, имкониятлари ҳам ортди. Ўз ўрнида ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонга ҳам фойдали бўлиб бормоқда. Буни биргина 2018–2021 йилларда Ўзбекистоннинг Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия билан товар айирбошлаш ҳажми ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. 

2018 йилда Ўзбекистоннинг юқоридаги 6 мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард 957 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақамлари 7 миллиард 353 миллионгача кўтарилди. Пандемия ўзаро товар айирбошлашга анча зарба етказган бўлса ҳам 2020 йилдаги айирбошланган товарларнинг умумий қиймати 6 миллиард 740 миллион 70 минг долларга етган.

2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида эса 6 мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард 567 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Йил якунигача ушбу рақамлар 8 миллиардга етиши эҳтимоли юқори.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг