Расман: Акмал Бурҳонов янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
15 Июль 2020
9039“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов расман янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори лавозимига тайинланди.
Акмал Эшондедаевич Бурҳонов Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 июлдаги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан тасдиқланди.
Акмал Бурҳонов 2019 йилнинг январь ойидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига раислик қилиб келаётган эди. 2017—2019 йилларда эса “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори бўлиб ишлаган. У ташаббускор, қатъиятли, кенг дунёқарашга эга раҳбар. “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда “Юксалиш” УМҲ ташкил топишида бош-қош бўлган. Ушбу ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилишида салмоқли ҳисса қўшган.
2015–2018 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, 2018 йилдан эса Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси бўлган.
2002—2007 йилларда Адлия вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. 2009—2015 йилларда Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори бўлган. 2012—2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитувчилик қилган.
Акмал Бурҳонов мутахассислиги бўйича — ҳуқуқшунос. У 2001 йилда Тошкент давлат юридик университетини (бакалавр), 2003 йилда эса ушбу университетнинг магистратура босқичини тамомлаган. 2007 йилда Япониянинг Нагоя давлат университетида (магистратура) таълим олган, 2007 йилдан — Нагоя давлат университети докторанти.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Президентнинг 2020 йил 29 июндаги Қарорига мувофиқ, Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича вазирга тенглаштирилади.
LiveБарчаси