Раметовлар бошига тушган қўшалоқ дард. Саида Раметова соғайдими?

Маданият-санъат

image

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жумадулла Раметов альцгеймер касаллигига чалинганлиги ҳақида хабар берган эдик. Маълумки, бундан бир неча ой аввал Жумадулла Раметовнинг рафиқаси – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ҳам оғир хасталикка чалинган эди. Унга саратон ташхиси қўйилганди. 

Айни вақтда ўзбек кино ва театр санъатининг бир жуфт забардаст актёрлари, қолаверса, бир оила аъзолари кетма-кет оғир касалликка чалингани мухлислар орасида хавотирларни уйғотмоқда. Таҳририятимизга Саида Раметованинг бугунги аҳволи ҳақида маълумот беришимизни сўраб мурожаат қилганлар ҳам кўп бўлди. Шу боис QALAMPIR.UZ мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова билан телефон орқали боғланиб, унинг саломатлиги билан қизиқди. 

“Жумадулла ака бу касалликка чалинганига икки йил бўлди. Шифокорларга қанча кўрсатиб, дори-дармонини қилсак-да, бу касаллик борган сари авж оляпти. Бу касалликда одам ёш боладек бўлиб қолар экан, жуда оғир. Бу ҳам Аллоҳнинг синовлари, мўъжиза рўй бериб яхши бўлиб кетишлари ҳеч гап эмас. Кўпчиликнинг дуоси ижобат бўлади. Ўзим ҳам кўпчиликнинг дуоси билан шундай оғир касаллик билан юрибман. Операцияни бошдан кечирганимга ҳам бир йил бўлди, ҳар уч ойда кўрикдан ўтиб тураман. Яқинда текширтиришга борганимда, анализларим яхши чиқди”, дейди Саида Раметова

Актриса сўзида давом этар экан, шифокорлар унга касал эканлигини унутиши кераклигини айтишганини эслади, қолаверса кўпчиликнинг дуосидан умидвор эканлигини айтди.

“Шифокорларимга миннатдорлик билдираман. Улар “мана шу зайлда давом эттиринг, хафа бўлманг, позитив яшаб касаллигингизни унутинг, ишлаб, ўйнаб-кулиб яшанг”, дейишди. Аллоҳнинг марҳамати билан ҳозир соғлиғим жойида. Бу дунё синовли дунё экан, синовлардан эсон-омон ўтиб олайлик. Кўпчиликнинг дуоси билан Яратган Жумадулла акамга ҳам шифо берсин”, дейди Раметова.

Айни вақтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Мендирман Жалолиддин” сериалининг иккинчи мавсуми суратга олиш ишлари бошланган. Маълумки, Саида Раметова ушбу сериалнинг биринчи мавсумида роль ижро этган эди. Унинг саратонга чалингани ҳам айнан Туркияда аниқ бўлганди. Хўш, Раметова сериалнинг галдаги мавсумида ҳам суратга тушадими? 

“Вазиримиз Озодбек Назарбеков мени иккинчи мавсумга ҳам таклиф этдилар. Ҳозир у ерда Чингизхон ва Жалолиддин ўртасидаги жанг саҳналари суратга олинаётган экан. Менга сиз суратга тушадиган саҳналар икки ойдан кейин бошланади дейишди. Туркияга бориш-бормаслигим ўзим ва Жумадулла акамнинг соғлиғига боғлиқ. Агар ҳаммаси яхши, тинчлик, хотиржамлик бўлса, соғлиғим яхши бўлса, албатта бораман. Ўзимнинг орзу-ниятим – иккинчи мавсумда суратга тушиш. Сабаби биринчи мавсумда мен суратга тушадиган саҳналар ярмидан чала қолган эди. Фақат энди ҳаммаси соғлиғимга боғлиқ”, дейди Раметова. 

Суҳбат якунида Саида Раметова уларнинг соғлига бефарқ бўлмаётган барчага миннатдорчилик билдирди: 

“Биз мухлисларимизни оилавий яхши кўрамиз, ҳеч қачон уларни хафа қилмаганмиз. Ҳамиша яхши кунларида хизматда бўлганмиз. Бизни дуо қилаётганларга Аллоҳ мукофотлар ёғдирсин. Яқинлашиб келаётган ёшлар куни билан ёшларимизни ҳам алоҳида табриклайман. Келажагимиз шу ёшлар қўлида. Йигит-қизларимиз ўқишсин, илмли, билимли бўлишсин, Ҳаммаларига омад ва бахт тилайман”.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1719

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг