Рамазон Темиров 1 йилга UFC’дан четлатилди
Спорт
−
02 Октябрь 18530 1 дақиқа
Рамазон Темиров антидопинг қоидаларини бузгани учун Жанговар спортлар антидопинг ташкилоти (CSAD) томонидан UFC’дан бир йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда UFC’нинг расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Темировда триметазидин (TMZ) – юрак етишмовчилиги ва бошқа юрак касалликларида қўлланиладиган, UFC томонидан тақиқланган моддалар рўйхатидаги гормонал ва метаболик модуляторлар синфига мансуб дори воситаси аниқланган. Триметазидин UFC антидопинг қоидаларига кўра, ҳар қандай вақтда тақиқланган ҳисобланади. Тақиқланган модда мавжуд бўлган намуна Темировдан жорий йилнинг 12 июнь куни Пхукетда (Таиланд) олинган, сўнгра жорий йил 4 июлда яна Пхукетда қайта намуна олинган.
Темиров CSAD билан батафсил суҳбат ўтказиб, триметазидиндан фойдаланганини тан олган. У дори воситасидан фойдаланишдан аввал унинг тақиқланган статусини текширмаган ва шифокорига ўзи допинг назорати остидаги спортчи эканини айтмаган бўлса-да, ушбу дори шифокор томонидан тиббий сабаб билан ёзиб берилганини ва чекланган муддат давомида қабул қилинганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган. Шу сабабли моддадан фойдаланиш сезиларли даражада натижасини оширишга сабаб бўлмаган, бу эса жазони юмшатган. Антидопинг қоидаларига мувофиқ, жангчи октагонга 2026 йил 5 июлдан сўнг қайтиши мумкин.
Маълумот учун, Рамазон Темиров UFC’да иккита жанг ўтказиб, иккаласида ҳам ғалаба қозонган.
Жаҳонгир Иномжонов