Рақобат қўмитаси раиси курсисидан кетиши мумкин
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
5671Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шорахметов лавозимидан озод этилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Йиғилишда сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Сариёғ экспортига чекловни бекор қилиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берилди.
Йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиётини жорий этиш, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.
Шу муносабат билан қўмита раиси Шоҳруҳ Шорахметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.
Маълумот учун, Шоҳруҳ Шорахметов 1998 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1999 йилда эса Буюк Британиянинг Эксетер университетини тамомлаган. 2021 йилдан собиқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси, ҳозирги Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини бошқариб келмоқда.
LiveБарчаси