“Рақобат тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди
Жамият
−
05 Сентябрь
2455Ўзбекистонда товар ва молия бозорларида соғлом рақобат муҳити таъминланиши белгиланди ва бу бўйича “Рақобат тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Президент томонидан имзоланган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, давлат ёрдами берилишига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, унга мувофиқ хўжалик юритувчи субъект қайси фаолият турига асосан табиий монополия субъектлари жумласига киритилса, ўша фаолият тури унинг асосий фаолият тури ҳисобланади.
Жазолар тизимини либераллаштириш мақсадида рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг иқтисодий жиҳатдан паст таъсир даражасига эга бўлган бузилишини биринчи марта содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий санкциялар тарзидаги жавобгарлик чоралари қўлланилмаслигини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 2023 йил март ойида бўлиб ўтган ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Рақобат тўғрисида”ги қонун қабул қилинганди. Мазкур қонун мамлакат ҳудудида товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш, товар, молия ва рақамли бозорларни самарали фаолият кўрсатишига шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Таъкидлаш жоиз, унда 2012 йил қабул қилинган “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда 1999 йил қабул қилинган “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлар бирлаштирилиб, табиий монополия ва устун мавқега эга субъектларга қўйиладиган талабларнинг аксарият қисми бирхиллаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь