Рафаҳга ҳужум сабаб АҚШ Исроилга уч мингдан ортиқ бомба етказиб беришни тўхтатди

Олам

image

АҚШ ҳукумати апрель ойининг охири – май ойининг бошида Исроилга 3,5 минг бомба етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда бугун, 8 май куни манбаларига таяниб, “The New York Times” хабар берди.

Манбаларга кўра, АҚШ Президенти Жо Байден 1,8 минг 2000 фунтлик бомба ва 1,7 минг 500 фунтлик бомба етказиб беришни Ғазо сектори жанубидаги миллиондан ортиқ тинч аҳоли яшайдиган Рафаҳ шаҳрига ҳужумда қўлланилиши мумкинлигидан қўрқиб, тўхтатиб қўйган. NYT манбаларининг таъкидлашича, АҚШ маъмурияти келажакда қурол-яроғ, жумладан, нишонга олиш етказиб беришни тўхтатиб қўйишни кўриб чиқмоқда.

Исроил расмийлари 5 май куни “Axios” нашрига Қўшма Штатлар қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиб қўйганини айтган. Бироқ NYT америкалик амалдорлар ЦАХАЛнинг Рафаҳдаги операцияси ҳақидаги биринчи хабарлар пайдо бўлишидан олдин буни брифингларда ёки шахсий тарзда тасдиқлашдан бош тортганини ёзди.

“АҚШ ҳукумати тарихан Исроилга йирик ҳарбий ёрдам пакетларини тақдим этган. 2023 йил 7 октябрдаги воқеалардан кейин таъминот кучайган”, дея таъкидлайди “Associated Press”.

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг ЦАХАЛ Ғазо секторида ҳарбий операция бошлади. Ғазо сектори жанубидаги Миср билан чегарадош Рафаҳ операция давомида Исроил ҳарбийлари томонидан ишғол қилинмаган охирги шаҳар бўлди. АҚШ расмийлари Исроилнинг Рафаҳга ҳужумига бир неча бор қаршилик қилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 май куни халқаро ташкилотлар ва кўплаб давлат раҳбарларининг огоҳлантиришига қарамай, Исроил Рафаҳда қуруқликдаги операцияни бошлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Рафаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг