“Рафаҳ қўзғолони”: Колумбия университети талабалари яна Фаластин учун норозилик намойишини бошлади
Олам
−
03 Июнь
3717АҚШдаги Колумбия университети талабалари полициянинг кескин қаршилигидан бир ой ўтиб, яна Фаластинни қўллаб-қувватлаш митингини бошлади. Фаластин тарафдори бўлган талабалар кампусда янги лагерь ташкил қилиб, уни “Рафаҳ қўзғолони” деб аташди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Намойишчилар матбуот анжумани уюштирди, бироқ журналистлар кампусга киритилмади ва талабалар журналистларнинг саволларига панжара орқали жавоб беришга мажбур бўлди. Матбуот анжуманида гапирган Колумбия университети талабаси Маҳмуд Халил лагерни “Рафаҳ исёни” деб атаганларини айтди.
Халилнинг иддао қилишича, лагерь ташкил этилгандан сўнг мактаб хавфсизлиги ходимлари уларга огоҳлантирмасдан ҳужум қилиб, чодирларни тортиб олган ва икки талабани жароҳатлаган.
Лагердаги талабаларидан бири Лейла Солиба университетнинг талабаларга бўлган муносабатидан афсусда эканини билдирди.
“Бу таълим муассасаси. Бу инвестиция фонди эмас, бу бизнес эмас ва улар ўз талабаларига яхши муносабатда бўлишлари керак. Бу жуда қўрқинчли. Ушбу ҳолатни қабул қилиб бўлмайди”, дейди Лейла.
Матбуот анжуманидан сўнг, Фаластин тарафдори бўлган Колумбия университетининг битирувчилари ҳам кампус ташқарисида намойиш қилишди. Митинг чоғида намойишчилар “Озод Фаластин”, “Ошкора, йўқ қилинг, тўхтамаймиз, тинчланмаймиз” ва “Йўл битта: талабалар инқилоби” каби шиорлар билан ҳайқирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўшма Штатларда бошланган талабалар намойиши 3 май куни Европага ҳам кўчгани хабар қилинганди. Париждаги Сиёсий тадқиқотлар институтининг ўнлаб талабалари полиция томонидан ҳибсга олинган. Улар Ғазо сектори аҳолисини қўллаб-қувватлаб, Фаластин байроқларини кўтариб, Исроил босқинига қарши шиорлар айтган. Оқибатда университет дарслари маълум муддатга қолдирилган.