Рэпер ёки тележурналист. Непал ёшлари кимнинг гапига киради?

Олам

image

9 сентябрь куни камида 19 киши ҳалок бўлган, ижтимоий тармоқларга қўйилган тақиқ ортидан авж олган ва кенг кўламли коррупцияга қарши чиқишлар туфайли бош вазир истеъфо бергач, Непал сиёсий беқарорликка тушди.

Камбғал Ҳимолой давлати яна бир бор "чорраҳада" турибди. Қуйида нима бўлиши мумкинлигига назар ташлаймиз.

Яқин истиқболдаги қадамлар қандай?

Армия намойишчиларни музокараларда иштирок этишга чақирди. Бироқ намойишчиларнинг асосий қисми – 1997-2012 йиллар оралиғида туғилган Z-авлод вакиллари, яъни ягона етакчига эга эмас. Шу боис, расмийлар аниқ ким билан музокара қилиши ноаниқ.

“Z-авлод музокара гуруҳини тузиши керак”, деди конституция бўйича мутахассис ва Олий суднинг собиқ судьяси Баларам К.С. 

Унинг айтишича, Президент шундан кейин гуруҳ ва бошқа тарафлар – фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда армия билан музокаралар олиб бориши лозим.

Конституция нима дейди?

Непалнинг 2015 йилги Конституциясига кўра, янги бош вазир парламентда кўпчиликка эга партиядан тайинланиши керак. Агар бирорта партия кўпчиликка эга бўлмаса, Президент кўпчилик қўллаб-қувватлай оладиган шахсни тайинлайди. У кейин 30 кун ичида ишонч овозини қўлга киритиши зарур.

Агар бу амалга ошмаса, “менда етарли овоз бор” деб даъвогарлик қиладиган ҳар қандай аъзо тайинланиши мумкин. Лекин у ҳам ишонч овозини йўқотса, парламент тарқатилади ва сайлов ўтказилади.

Бироқ йирик сиёсий партиялар етакчилари намойишчилар кўзида эътибордан қолган ва кўпчилиги яшириниб юргани боис, намойишчилар бу жараённи қабул қиладими-йўқми, ҳали ноаниқ.

Мавуққат ҳукумат тузилиши мумкинми?

Конституцияда вақтинчалик ҳукумат ҳақида қайд йўқ. Бироқ мутахассислар конституция нормаларини вақтинча четга қўйиб, намойишчилар вакиллари қабул қиладиган ҳукумат тузишни таклиф қилмоқда.

“Бундай ҳукумат Z-авлод талаб қилаётган ислоҳот кун тартибини олиб бориши ва олти ой ичида янги парламент сайловини ташкил қилиши мумкин”, деди конституция бўйича мутахассис Бипин Адхикари. 

Унинг таъкидлашича, бундай ҳукумат кенг қамровли вакилликка эга бўлиши зарур.

Z-авлод кимни қўллаши мумкин?

Намойишчилар ёшлар орасида оммалашган икки номзодни илгари суриши мумкин:

  • Балендра Шах (35 ёшда) – рэпер ва мусиқа ижодкори. 2022 йилда Катманду мэри этиб сайланган. Ёшлар уни шаҳарни тозалаш бўйича ҳаракатлари учун яхши кўради.
  • Раби Ламичханэ – собиқ телевидение журналисти. 2022 йилда “Раштрийа Сватантра партияси”ни тузган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, 9 сентябрь куни намойишчилар молияни суиистеъмол қилиш айби билан қамалган Ламичханэни қамоқдан чиқариб олган.

Янги Конституция қабул қилиниши мумкинми?

Непал 2008 йилда монархияни тугатиб, 2015 йилда янги Конституцияни қабул қилганди, гарчи ўшанда ҳам унга қарши чиқишлар бўлган.

ОАВ маълумотларига кўра, намойишчилар Конституцияни қайта ёзишни талаб қилмоқда. Амалдаги ҳужжат ўзгаришларга йўл қўяди, аммо улар парламент томонидан маъқулланиши шарт.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Непал Z-авлод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг