Путин ва Эрдўған 15 кунда иккинчи марта учрашди
Олам
−
19 Январь 2020
7609Бугун, 19 январь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Берлинда Ливия масаласида ўтказилаётган конференция доирасида ўзаро учрашди.
Учрашувда Эрдўған Россия ва Туркия ташқи босимга қарамасдан С-400 бўйича келишувни муваффақиятли якунлаганини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, Путин Россия ва Туркия Ливияда курашувчи томонларни ярашувга чақириб, яхши “қадам” ташлаганига эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги можаро иштирокчилари бўлган ҳар икки томон ҳам чақирувга жавоб қайтарган ва натижада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларнинг олди олинган. 12 январдан бошлаб Ливияда ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирган.
Шунингдек, Путин Москвада Ливия бўйича барча муаммоларга ечим топилмаганини, томонлардан бири ярашувга рози бўлганини, аммо олдинга қараб ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Маълумот учун, Путин ва Эрдўған жорий йилнинг 8 январь куни Истанбулда учрашганди. Улар учрашувда Ливия ва Яқин Шарқдаги вазият ҳамда икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилганди. Айни шу учрашувда Ливияда томонларни муросага чақиришга келишиб олинганди.
Туркия ва Россия Ливиядаги икки асосий курашувчи томонларни музокара столига олиб келди. Унда Ливия Миллий бирдамлик ҳукумати раҳбари Фаиз Саррож ва Ливия миллий армияси генерали Халифа Ҳафтар ярашув битимини имзолаши керак эди. Бироқ Ҳафтар Москвани ҳеч қандай ҳужжатни имзоламай тарк этди.
Ливиядаги вазият
2011 йилда Ливияда Муаммар Қаззофи ҳокимиятдан ағдарилиб, ўзи ўлдирилгач, мамлакатда сиёсий инқироз бошланган. Ливияда ҳозиргача қўшҳокимиятчилик ҳукм суради. Амалда давлатчилик йўқ.
Шарқда сайланган парламент ҳокимияти ўрнатилган бўлса, Триполи ва ғарбни БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фаиз Саррож бошлиқ Миллий бирдамлик ҳукумати бошқаради.
Шарқдаги ҳукмрон доиралар расмий Триполидан мустақил ва ЛМА қўмондони Халифа Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Ҳафтар кучлари 2019 йилнинг апрелида пойтахт Триполини эгаллаш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь