Путиндан тортиб Мирзиёевгача. Президентларнинг севги тарихи қандай?

Таҳлил

Президентларнинг ҳар бир қадами, ислоҳотлари ва буйруқлари барчанинг диққат марказида бўлиши табиий ҳол. Бироқ уларнинг сиёсий фаолиятидан ташқари, шахсий ҳаёти ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, давлатлар етакчиларининг ҳукумат тепасига келгунига қадар кечирган умри, ёшлик даври, қандай оила қургани ва рафиқаси билан қандай танишгани барча учун жуда қизиқ. QALAMPIR.UZ Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг рафиқалари билан севги тарихи ҳақида мақола тайёрлади.

Беларусь. Александр Лукашенко ва Галина Лукашенко

Беларуснинг биринчи хоними Галина Желнерович 1955 йилда оддий оилада туғилган. У турмуш ўртоғи Александр Лукашенко билан мактабда – Рижковичи қишлоғида танишган.

Улар биргаликда Могилев институтининг тарих факультетига ўқишга кирган. Болаликдан бошланган муҳаббат туфайли ёш Лукашенко 1975 йилда Днепр дарёси бўйларида Галинага турмуш қуришни таклиф қилган.

Уларнинг Виктор ва Дмитрий исмли ўғиллари бор. Расмий равишда Галина деярли ҳеч қачон эри билан чет давлатларга ҳамроҳ бўлиб бормаган. У Лукашенко раҳбарлигининг барча йиллари давомида фақатгина бир марта – 1994 йилда Исроилга бўлган сафарида ҳамроҳ бўлган.

Баъзан узоқ йиллар давомида синалган муҳаббат ҳам ҳаётнинг турли қийинчиликлари олдида ожиз қолиши мумкин. Сабаби романтик тарзда бошланган Лукашенколар ҳаётининг якуни ҳавас қилгулик эмас. Гарчи уларнинг ажрашгани ҳақида расмий маълумот берилмаган бўлсада, ОАВ хабарларига кўра, эр-хотин узоқ йиллардан бери бирга яшамайди.

Озарбайжон. Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиева

Ўзининг латофати, гўзаллиги ва йиллар таъсир қила олмаган кўриниши билан биринчи хонимлар орасида ажралиб турадиган Меҳрибон Алиева Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси. У 1964 йил 26 августда Баку шаҳрида туғилган. Меҳрибон мамлакатда таниқли бўлган Пашаевлар оиласида вояга етган.

Илҳом Алиев эса Озарбайжоннинг биринчи президенти Ҳайдар Алиевнинг ўғли бўлиб, 1961 йил 24 декабрда дунёга келган.

Уларнинг никоҳ тўйи 1983 йилда бўлиб ўтган. Ўша пайтда улар талаба бўлган. Шу вақтда Меҳрибон Алиева эндигина Москва тиббиёт институтига кирган эди. Никоҳдан бир йил ўтгач, уларнинг оиласида Лейла исмли қиз туғилган. 1989 йилда эса яна бир қиз – Арзу ва 1997 йилда Ҳайдар исмли ўғил фарзанд дунёга келган.

Улар айни пайтда ҳам намунали оила бўлиб, яшаб келмоқда. Жуфтликларнинг биргаликдаги чиқишлари ҳамиша омма эътиборида бўлиб келган. Меҳрибон турмуш ўртоғи билан барча муҳим тадбирларда қатнашади ва уни фаол қўллаб-қувватлайди.

Арманистон. Никол Пашинян ва Анна Акопян

Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг рафиқаси Анна Акопян 1978 йил 1 февралда таваллуд топган. 2000 йилда у Ереван давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

Университетда ўқиётганда у бўлажак турмуш ўртоғи Никол Пашинян билан танишган.

“Мен маъруза залига биринчи марта кирганимда дарҳол бу исмни эшитдим – Никол Пашинян. Ҳамма у ҳақида гапирарди: ўқитувчилар, деканлар, талабалар. Унга қойил қолиб, уни ўрнак қилиб кўрсатишди. Никол факультетнинг фахри бўлган. Биз биринчи кўришдаёқ бир-биримизни севиб қолдик”, дейди Анна.

Талабалик даврида бошланган ўтли муҳаббат Анна университетни тамомлагач, оила қуриш билан мустаҳкамланди.

1998 йилда улар биринчи марта ота-она бўлишди – журналист Марям исмли қизалоқни дунёга келтирди. Ва орадан 2 йил ўтгач, уларнинг ягона ўғли Ашот туғилди. Мухолифат томонидан Пашинянга суиқасд уюштирилганда, бола атиги 4 ёшда эди, бу Акопян учун қийин синовга айланди. Никол ҳокимият томонидан таъқибдан яширинган пайтда машҳурларнинг иккинчи қизи – Шушан дунёга келди. Айнан ўша йиллар жуфтликнинг оташин муҳаббатини синовдан ўтказди. Анна жуда қийналди, чунки у ишни учта болани тарбиялаш билан бирлаштиришга мажбур бўлди. Аммо аёл эрига ишонишдан ва уни қўллаб-қувватлашдан асло тўхтамади.

Бахтли оиланинг Марям, Шушанну, Ашотдан ташқари, яна Арпине исмли қизи бор.

Қозоғистон. Қосим-Жомарт Тўқаев ва Надежда Давидовна

Қозоғистоннинг биринчи хоними ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. Надежда Давидовна Нижний Тагилда туғилган бўлиб, биринчи хонимнинг миллати яҳудий.

Баъзи маълумотларга кўра, 2009 йилгача у ўз бизнесига эга бўлган. Якка тартибдаги тадбиркор унинг номига солиқ идорасида рўйхатдан ўтган. Лекин ҳозирча у ишламаяпти.

Баъзи расмий манбаларда уларни ажрашгани келтирилган.

Қирғизистон. Садир Жапаров ва Ойгул Жапарова

Қиммат брендларга қизиққани билан машҳур бўлган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ойгул Жапарованинг севги ҳикояси қишлоқдан бошланган. Қўшни қишлоқларда яшаган бўлажак жуфтликлар, саёҳат пайтида танишиб қолган.

Унинг рафиқаси Ойгул Асанбаева Иссиқкўл вилоятида туғилган. Мактабдан сўнг Қоракўлдаги тиббиёт билим юртига ўқишга кирган. Кейинчалик И.Арабаев номидаги Қирғизистон Давлат университетининг педагогика факультетини тамомлаган.

Уч йиллик дўстликдан сўнг ёшлар оила қуришга қарор қилган. Ойгул Асанбаеванинг хотирлашича, улар турмуш қурган вақтда у 18 ёшда, Жапаров эса 23 ёшда бўлган.

“Садир билан мен жуда ёш танишганмиз. Дарҳол айтаман: у романтик эмас. Талабалик йилларида Садир Бишкекда, мен эса Қоракўлда ўқиган бўлсамда, у менга ҳар ҳафта телефон орқали телеграммалар жўнатиб, сўзлашувга таклиф қилар эди. Мен бутун ҳафта кутганимни ва телефон станциясига қандай хурсандчилик билан югурганимни эслайман. Ўша кун келганда, баъзида биз нима ҳақида гаплашишни билмасдик, шунчаки бир-биримизнинг овозимизни тинглардик”, деб эслайди биринчи хоним.

Баъзи маълумотларга кўра, турмуш ўртоқларнинг беш нафар фарзанди бор, бошқаларга кўра тўртта. Асанбаева тегишли саволга уларнинг тўрт нафар фарзанди борлиги, бироқ Садир Жапаровнинг хотини билан бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган укаси Ринатни ҳам асраб олишганини айтган.

Россия. Владимир Путин – Людмила Путина

Россиянинг собиқ биринчи хоними Людмила Александровна Шкребнева 1958 йил 6 январда Калининградда туғилган. У Путин билан стюардесса бўлиб ишлаётган вақтида танишган.

Улар учрашганидан уч йил ўтгач, Владимир Путин унга оила қуришни таклиф қилган. 1985 йилда бу оилада Мария, 1986 йилда Катерина туғилган. 2013 йилда Путинлар ажрашганларини эълон қилган.

Тожикистон. Имомали Раҳмон – Азизмо Асадуллаева

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг рафиқаси Азизмо Асадуллаева жаҳон ҳамжамиятининг назаридан яширинган. У ҳақида расмий маълумот йўқ. У данғаралик экани ҳақида эҳтимоллар мавжуд.

Азизмо зиёфатларда кам учрайдиган меҳмон, саёҳатларда турмуш ўртоғига деярли ҳамроҳлик қилмайди. У фақатгина Имомали Раҳмоннинг 2014 йилда Малайзияга ташрифи чоғида ҳамроҳ бўлган.

ОАВ хабарларига кўра, 2013 йилда Тожикистон Президенти кичик бизнес вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда кимдир Азизмо Раҳмоновани мамлакат тадбиркорлар уюшмаси раҳбари этиб тайинлашни таклиф қилган. Тожикистон раҳбари бу таклифни рад этиб, аёли болаларга, эрига ғамхўрлик қилиши кераклигини айтган.

Туркманистон. Сердар Бердимуҳамедов

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 2001 йили турмуш қурган. Баъзи маълумотларга кўра, унинг тўрт фарзанди – бир ўғли ва уч қизи бор. Хотинининг исми ва таржимаи ҳоли ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Президент оиласининг шахсий ҳаёти ҳар томонлама яширин.

Туркман мухолифати матбуоти ўз вақтида Сердар Бердимуҳамедовнинг уч фарзанди – Керимгули, Ўғулбобек ва Ойгул Швейцариянинг Женева шаҳрида ишлаган ва ўқиши давомида нуфузли ва халқаро Эколит мактабида таҳсил олганини аниқлашга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон. Шавкат Мирзиёев – Зироатхон Мирзиёева

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироатхон Мирзиёева жамиятда пайдо бўла бошлаганидан бери гўзаллиги, кийиниш услуби, ўзини тутиши билан барчани ҳайратда қолдириб келмоқда. Кўпчилик унинг таржимаи ҳоли билан қизиқади. Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёева Қўқон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Маҳмуджон Ҳошимов Ўрта Осиё темир йўлининг таъминот бўлимига раҳбарлик қилган. Зироатхоннинг онаси ҳақида аниқ маълумот йўқ. Айтишларича, биринчи хонимнинг ота-онаси кундалик ҳаётда тақводор ва қаттиққўл одамлар бўлган.

Зироатхон муҳандис-иқтисодчи, у Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. Лекин айни пайтда биринчи хоним ўз мутахассислиги бўйича ишламайди. У “Замин” халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси.

Ёш Зироатхон Ҳошимова Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида бўлажак Президент Шавкат Мирзиёев билан танишган.

Унда Мирзиёев комсомол қўмитаси котиби, Ҳошимова эса талабалардан бири эди. Бироқ қизнинг қариндошлари уларнинг муносабатларига қарши бўлган, шунга қарамай, ёшлар турмуш қурган.

Зироатхон Мирзиёева жуда хушмуомала. Билимдонлар ва маданият вакиллари, жамоат арбоблари билан, асосан, касбий масалалар, фарзанд тарбияси муаммолари юзасидан мулоқот қилади. Фан, таълим, адабиёт ва санъатга қизиқиши юқори.

Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан бери кўплаб давлат тадбирларида рафиқаси билан қатнашди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари улар ҳақида фақат ижобий гапиришади.

Мирзиёевларнинг Саида, Шаҳноза ва Алишер исмли фарзандлари бор.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Лукашенко Мирзиёев Пашинян севги тарихи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг