Путин жиянини Мудофаа вазири ўринбосари лавозимига тайинлади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин оммавий ахборот воситаларида амакиваччаси деб аталган Анна Цивилёвани давлат котиби – Россия Федерацияси Мудофаа вазири ўринбосари лавозимига тайинлади. Шу ҳақдаги расмий ҳужжат бугун, 17 август куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.

Цивилёва жорий йилнинг 17 июнидан бошлаб вазир ўринбосари лавозимидан озод этилганди. Давлат котиби  Россия Мудофаа вазирлиги ва Давлат Думаси ва Федерация Кенгаши ўртасидаги алоқа учун жавобгардир. Бундан ташқари, унинг вазифаларига қонунчиликка таклифлар тайёрлаш киради.

Вазир ўринбосари сифатида Цивилёва ҳарбийларнинг ижтимоий ва уй-жой таъминотини назорат қилиши керак. Анна Цивилёва – Россия Энергетика вазири Сергей Цивилёвнинг рафиқаси, у аввал Кемерово вилояти губернатори лавозимида ишлаган.

2022 йил январь ойида эълон қилинган журналистик суриштирувда Цивилёва Россия Президенти Путиннинг амакиваччаси Евгений Михайлович Путиннинг қизи деган хулосага келинганди. Цивилёва 52 ёшда, у Иваново шаҳрида туғилган, вилоят шифохонасида психиатр бўлиб ишлаган. Путин ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, у Москвага кўчиб ўтди ва у ерда иқтисодий соҳада таълим олди ҳамда тиббий асбоб-ускуналар етказиб беришни бошлади. 2007 йилда у Сергей Цивилёвга турмушга чиқди ва беш йилдан сўнг эр-хотин “Колмар” кўмир компаниясининг улушига эга бўлди. 2023 йил охирида Цивилёва Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган.

“Тhe Insider” маълумотларига кўра, Анна Цивилёва “Колмар” йирик кўмир компаниясига эгалик қилади. Ўз вақтида ушбу компанияга давлат томонидан кенг миқёсда ёрдам берилгани ҳақида айрим агентликлар текширув эълон қилган. Айни дамда эса Путиннинг жияни ушбу компаниянинг асосий бенефициари ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин жиян Анна Цивилёва Мудофаа вазири ўринбосари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг