Путин Яқин Шарқ бўйича махсус вакилини ишдан бўшатди
Олам
−
10 Июль 5065 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Яқин Шарқ ва Африка бўйича махсус вакили ва Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богдановни ишдан бўшатиш ҳақидаги фармонни имзолади. Путин имзолаган фармон Россия Федерацияси қонунчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат ахборот тизимида эълон қилинди.
Президент фармонига мувофиқ, Михаил Богданов Яқин Шарқ ва Африка бўйича махсус вакил ҳамда Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимларидан озод этилди.
Дипломат 2014 йил октябрь ойидан буён Президентнинг махсус вакили, 2011 йилнинг июнидан эса Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимларида ишлаб келаётганди.
Богданов “Известия”га ишдан бўшатилганини изоҳлар экан, шундай деди:
“Вақт келди. Ёш, пенсия”.
“ТАСС” манбасига таяниб, у “ёши туфайли” истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзганини хабар қилмоқда.
Шу йилнинг январида Путин ТИВ раҳбари ўринбосарининг хизмат муддатини 2026 йилнинг 2 мартигача узайтирганди. Богданов жорий йил март ойида 73 ёшга тўлди.
Қайд этиш жоиз, Россияда давлат хизматида ишлашнинг энг юқори ёши 65 ёш. Давлат хизматчиларининг айрим тоифалари (хусусан, раҳбарлар) учун у 70 ёшгача узайтирилиши мумкин. Тегишли қарор давлат хизматчисининг розилиги билан уни лавозимга тайинлаган давлат органи ёки мансабдор шахс томонидан қабул қилиниши мумкин. Ушбу қоида Россия Президенти томонидан тайинланган давлат хизматчиларига тааллуқли эмас.
Маълумот учун, Михаил Богданов 1952 йил 2 мартда Москвада туғилган. 1974 йилда СССР Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган, шундан буён дипломатик хизматда бўлиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналарда турли лавозимларда ишлаган. Хусусан, Россиянинг Исроилдаги элчиси (1997-2002), Мисрдаги элчи ва Россиянинг Араб давлатлари лигасидаги мухтор вакили (2005-2011) бўлган.
Сергей Лавровнинг ўринбосари сифатида у, хусусан, Россиянинг Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари билан муносабатлари, Сурияни тартибга солиш масаласи ва бошқаларни назорат қилди.
Богданов 3 ва 4-даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун”, “Александр Невский”, “Шон-шараф”, “Дўстлик” орденлари ва бошқалар билан тақдирланган.
Live
Барчаси