Путин ядровий қудратини кучайтиради
Олам
−
23 Февраль 2023
11035Россия Президенти Владимир Путин бугун, 23 февраль куни мамлакатда “Ватан ҳимоячилари” байрами ва Украинадаги урушнинг бир йиллиги муносабати билан қилган мурожаатида Россия ядровий қудратини кучайтиришга эътибор қаратишини айтди. Мурожаат матни Кремль сайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, Путиннинг мазкур қарори Россиянинг Қўшма Штатлар билан ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича икки томонлама шартномаси (START)ни тўхтатганидан сўнг эълон қилинган. Шунингдек, у қуруқлик, денгиз ва ҳаводаги ядровий ракеталар (ядровий триада)ни мустаҳкамлашга эътиборини кучайтиришини урғулаган.
Путинга кўра, бир нечта ядро каллакларини олиб юроладиган “Сармат” қитъалараро баллистик ракеталари жорий йилда биринчи марта ишга туширилади.
“Биз ҳавога асосланган гипертовушли “Кинжал” тизимларини оммавий ишлаб чиқаришни давом эттирамиз ва денгизда жойлашган “Циркон” гипертовушли ракеталарини оммавий етказиб беришни бошлаймиз”, дейилади баёнотда.
“Reuters” нашрига кўра, Россия эртага, 24 февраль куни Жанубий Африкада Хитой билан ҳарбий машғулотларни бошлаши ва у ерга гипертовушли ракеталар билан жиҳозланган фрегат (ҳарбий кема) юбориши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 февраль куни Россия Федерацияси Давлат думаси Россиянинг Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартномада (START, START-III) иштирокини тўхтатиш тўғрисидаги қонунни қабул қилганди.
Алибек Бейжанов