Путин ва Жапаров Сочида. Улар нималарни муҳокама қилди?
Олам
−
24 Май 2021
6377Аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш учун Сочига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 24 май куни Жапаров Путин ҳузурида бўлиб, у билан икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, Қирғизистон ва Россия ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши чоралар ва Қирғизистон давлатига Россия вакциналарини етказиб бериш масалаларини муҳокама қилган.
Маълум қилинишича, икки давлат раҳбарлари суҳбат давомида Қирғизистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари, сўнгги учрашув якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишдаги ютуқлар, шунингдек, интеграцион бирлашмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор режалари устида суҳбат қилган.
“Бошқа мавзулар қаторида минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш масалалари кўриб чиқилди. Давлат раҳбарлари жорий йилнинг 28-30 апрель кунлари қирғиз-тожик давлат чегарасида содир бўлган воқеаларни, шунингдек, можаро оқибатида вайрон бўлган Боткен вилоятининг чегараолди қишлоқлари инфратузилмаси, ижтимоий объектлари ва турар-жой биноларини тиклаш, шунингдек, зарар кўрган маҳаллий аҳолига ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича тадбирларни батафсил муҳокама қилди”, дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин икки давлат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб, ривожланиб бораётганини таъкидлаган.
“Россия Қирғизистоннинг ташқи савдо айланмасида ишончли биринчи ўринни эгаллаб турибди. Афсуски, ўтган йили пандемия туфайли савдо бироз пасайиб кетди, аммо жорий йилнинг биринчи чорагида биз аллақачон 6 фоизга ўсишни кузатмоқдамиз. Ҳукуматлараро комиссиядан фойдаланган ҳолда ушбу тенденцияни сақлаб қолишимиз керак.
Биз, шунингдек, пандемияга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилмоқдамиз. Россия Қирғизистонни вирусни аниқлаш тестлари, коронавирусга қарши дори ҳамда вакциналар билан таъминлашда қўллаб-қувватлаган, бундан кейин ҳам қўллаб-қувватламоқчи. Мутахассисларимиз ҳозир бутун дунёда таниқли бўлиб улгурган профилактика воситамиз “Спутник V”нинг Қирғизистонда ҳам ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганмоқда”, дейди Владимир Путин.
Бундан ташқари, Президент Путин қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни диққат билан катта хавотирда кузатганини таъкидлаган.
“Томонларнинг ушбу зиддиятни музокаралар йўли билан ҳал қилмоқчигини ижобий қабул қилдик. Ишончим комилки, ушбу мақсадга шу тарзда эришиш мумкин. Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги кескин муаммоларни ҳал қилишда бизга боғлиқ бўлган барча нарсага тайёрмиз”, дея қўшимча қилди Владимир Путин.
Шу билан бирга, Президент Садир Жапаров коронавирус пандемияси бошланганидан буён Россиянинг кўрсатган “беҳисоб ёрдами” учун алоҳида миннатдорлик билдирган.
Бундан ташқари, суҳбат чоғида икки давлатнинг ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи), КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) ва бошқа халқаро ташкилотлари доирасидаги ҳамкорлиги алоҳида қайд этилган.
Садир Жапаров Владимир Путин томонидан қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятга қаратилаётган эътибор, Қирғизистон халқига кўрсатилаётган ёрдам учун ҳам унга миннатдорлик билдирган.
Қирғизистон раҳбарининг таъкидлашича, Республиканинг кейинги ҳаракатлари Россия Федерацияси билан мулоқотни янада ривожлантириш ва ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган.
LiveБарчаси