Фин полицияси изоляциядагилар учун бўш кўчаларда “Сени севаман, ҳаёт“ қўшиғини куйлади
Олам
−
19 Апрель 2020
3432Финляндиянинг Оулу шаҳри полицияси тармоққа ходим Петрус Шродеруснинг “Сени севаман, ҳаёт!“ қўшиғини куйлаган видеони юклади. Видео жорий йилнинг 17 апрель куни полициянинг ЁуТубе каналида жойлаштирилган ва икки кун ичида 640 минг марта кўрилган.
Таъкидланишича, олдин опера хонандаси бўлган Шродерус ушбу қўшиқни изоляциядагиларни қўллаб-қувватлаш учун куйлаган. Видеонинг тавсифида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари фуқароларни ўз-ўзини изоляция қилиш режимига риоя қилишга ва кераксиз алоқалардан қочишга чақирган.
Полиция ушбу жўшқин қўшиқ ватандошларига изоляция тушкунликларини енгишда ёрдам беради деб умид қилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари финларга уйда бўлишларини ва ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилишни маслаҳат беришди.
Маълумот учун, “Сени севаман, ҳаёт!“ қўшиғини 1956 йилда Константин Ваншенкин ёзган, мусиқа муаллифи Эдуард Колмановский ҳисобланади. У Марк Бернес учун махсус ёзилган, аммо кейинчалик уни бошқа кўплаб таниқли қўшиқчилар: Иосиф Кобзон, Георг Отс, Эдита Пьеха ва бошқалар ижро этишган. Қўшиқ фин тилига 1963 йилда Паули Салонен томонидан таржима қилинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Финляндияда коронавирус билан боғлиқ 3 681 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 1 700 нафари соғайган, 90 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 1 891 кишини ташкил қилмоқда.
LiveБарчаси