Путин ва Лукашенко учун спектакль: ядровий қуроллар синови қандай ўтди?
Олам
−
19 Февраль 2022
13852Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко бугун, 19 февраль куни Кремлдан туриб рус мудофаси томонида ўтказилган баллистик ва қанотли ракеталар синовини кузатди. Бу ҳақда эълон қилинган Кремль баёнида қайд этилишича, синов давомида ракеталар шартли белгиларни аниқ нишонга олган.
Президент Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Путин ва Лукашенко Кремлдаги вазиятлар марказидан туриб, давра столи атрофида ҳарбий машғулотларни кузатиб борган.
Машғулотлар аввалида Россия раҳбарига ҳисобот берган мамлакат Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг билдиришича, ҳарбий машғулотлар “стратегик ҳужумкор кучларнинг ҳаракати давомида ядро қуроллари ва потенциал хавфли қуролларни ягона назорат тизими орқали бошқариш” доирасида ўтказилган.
Шойгуга кўра, машғулотларда иштирок этиш учун Россия Аэрокосмик қўшинлари, Жанубий ҳарбий округ, Стратегик ракета қўшинлари, Шимолий ва Қора денгиз флотларининг куч ва воситалари жалб этилган.
Машғулотлар якунлари бўйича Кремль эълон қилган маълумотларига кўра, Аэрокосмик кучлар “Кинжал” гипертовушли аэробаллистик ракеталарини, Шимолий ва Қора денгиз флотининг кемалари ва сув ости кемалари эса “Калибр” қанотли ракеталари ҳамда “Циркон” гипертовушли ракеталарини денгиз ва ердаги шартли нишонларни йўқ қилиш учун ҳаракатга келтирган.
Бундан ташқари, Астрахан вилоятидаги Капустин Яр полигонидан "Искандер" қанотли ракеталар комплекси ҳамда Камчаткадаги Кура полигонидаги Плесецк космодромидан "Ярс" қитъалараро баллистик ракетаси ҳавога кўтарилган.
Маълум қилинишича, ҳавога кўтарилган Ту-95МС узоқ масофасага учувчи стратегик қанотли ракеталар комплекси Кура ва Пембой полигонидаги шартли нишонларга аниқ тегиб, уларни йўқ қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 февраль куни расмий ташриф билан Москвага келган Лукашенко Россия раҳбари Путин билан музокаралар ўтказган. Учрашувда улар Европада хавфсизликни таъминлаш ва минтақада НАТО агрессиясига қарши биргаликда чора кўриш ҳақида келишиб олишган. Путин ва Лукашенко Ғарбга қарши жавоб тариқасида Россия ва Беларусь ўртасида ягона мудофаа маконини яратиш ҳақида маълум қилган.
Маълумот ўрнида, январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви-2022” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларни юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.
Шунингдек, С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.
НАТО ушбу ҳаракатларни Совуқ уруш давридан буён Беларусь ҳудудига киритилган энг катта қўшин дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб рус қўшинлари жойлаштирилган.
LiveБарчаси