Путин Трампнинг тинчлик режасига муносабат билдирди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича режаси Россия билан батафсил муҳокама қилинмаган, аммо у можарони ҳал қилиш учун асос бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 21 ноябрь куни Россия Хавфсизлик кенгашида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Путиннинг айтишича, Россия Украинадаги ҳарбий операция мақсадларига қуролли йўл билан эришиб боряпти, бироқ шу билан бирга, тинч музокараларга ҳам тайёр. 

Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бошида Путин икки асосий мавзуни санаб ўтган: 2026 йилда Россиянинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига раислик қилиши доирасидаги устувор йўналишлар ва Россиянинг ҳаракат стратегияси. Шундан сўнг, Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко унга мурожаат қилиб, Украина бўйича тинчлик масаласини муҳокама қилишни таклиф қилган.

Матвиенко тинчлик режасига оид савол берган.Трампнинг 28 банддан иборат Украинадаги инқирозни ҳал қилиш бўйича режаси атрофида бутун дунёда қизғин муҳокама кетаётганини айтиб, Путиндан бу борада ўз фикрини билдиришни сўраган. Шунингдек, унинг Трамп билан Аляскадаги музокараларига қай даражада боғлиқлигини сўраган.

Путин ўз жавобида айтганки, бу мавзу ҳеч қандай сир эмас. Режа Аляскадаги учрашувдан аввал ҳам умумий тарзда муҳокама қилинган. АҚШ томони Россиядан айрим масалаларда муросага боришни, “мослашувчанлик кўрсатишни” сўраган.

Путиннинг сўзларига кўра, Аляскадаги учрашувнинг асосий мақсади Анкориждаги музокараларда Россия бу таклифларга розилик билдирганини тасдиқлаш бўлган. Россия АҚШ сўраган “мослашувчанликка” тайёрлигини билдирган.

Унинг айтишича, бу борада Россия барча дўстлари ва ҳамкорларини – Хитой, Ҳиндистон, КХДР, Жанубий Африка, Бразилия, бошқа кўплаб давлатларни батафсил хабардор қилган. Унга кўра, ҳамма истисносиз ушбу келишувларни қўллаб-қувватлаган.

Бироқ Аляскадаги музокаралардан кейин АҚШ томони маълум танаффусга ўтган. Путин бунинг сабабини Украина томонидан Трампнинг тинчлик режасидан амалда воз кечилгани билан боғлайди. Шу боис, режанинг “янгиланган”, 28 банддан иборат таҳрири пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини айтади.

Путиннинг айтишича, бу матн Россия томонида бор. Россия бу матн ҳам тинчлик асосини ташкил қилиши мумкин деб билади, аммо АҚШ буни Россия билан бевосита муҳокама қилмаяпти. 

Унга кўра, Украина ва Европадаги иттифоқчилар ҳали ҳам “Россияни жанг майдонида стратегик мағлубиятга учратиш” ҳақидаги иллюзияга берилган. Бу эса реал фронтдаги вазиятни билмаслик ёки тўғри баҳолай олмасликдан далолат беради.

Мисол сифатида Путин Купянскдаги вазиятни келтирган. 4 ноябрь куни Украина расмийлари шаҳарда 60 га яқин россиялик аскар қолганини ва тез орада шаҳар озод қилинишини айтган эди. Путиннинг сўзларига кўра, аслида ўша пайтнинг ўзида Купянск деярли тўлиқ Россия қўшинлари назоратида бўлган, улар фақат айрим кўчаларни тозалаш билан шуғулланаётган бўлган. Яъни шаҳар тақдири аллақачон ҳал бўлган эди.

Путинга кўра, бу воқеа Украинада ёки улар билан ишлаётган Европа давлатларида ҳақиқий вазият тўғрисида тушунчанинг етишмаслигини кўрсатади. Агар Украина Трампнинг таклифини муҳокама қилмоқчи бўлмаса, бундай ҳолатлар фронтнинг бошқа муҳим участкаларида ҳам такрорланади. Бу жараён Россиянинг махсус ҳарбий операцияда ўз мақсадларига ҳарбий йўл билан эришишига олиб келади.

“Россия ҳар доим айтиб келаётгани каби тинчлик музокараларига ҳам тайёр. Аммо бунинг учун таклифларнинг барча деталларини амалий муҳокама қилиш зарур. Россия бунга тайёр”, дея ўз сўзини якунлаган Путин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат ҳозир қийин танлов олдида турганини айтиб, халқига мурожаат йўллаганди. Унинг бу мурожаати Вашингтоннинг жорий йил 27 ноябрь кунига қадар можарони ҳал қилиш бўйича келишув лойиҳаси имзоланмаса, Қўшма Штатлар Украинага қурол-яроғ етказиб бериш ва разведка маълумотлари алмашишни тўхтатиши билан таҳдид қилгани фонида йўлланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Дональд Трамп Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг