Путин топшириғи: Ўзбекистон ва Россия ҳисоб-китобларда рублга ўтиши мумкин

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон ва Россия ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, рублга ўтиши мумкин.  Бу ҳақда Россия Федерацияси Иқтисодий тараққиёт вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

“Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Россия банки илк марта Ўзбекистон Миллий банки облигацияларининг рублдаги эмиссиясини рўйхатдан ўтказган. Облигацияларнинг умумий қиймати 15 млрд рублга тенг”, дейди Россия Федерацияси иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников.

Қайд этилишича, энди қимматли қоғозлар бозорда сотилади, шундан сўнг облигациялар биржага жойлаштирилиши мумкин. 

“Бу Ўзбекистонга катта маблағларни жалб қилиш имконини беради. Шунингдек, мамлакат Россия товарларини харид қилишда ҳам фойдаланиши мумкин. Ҳамкорлар учун фойда тарафи – пулни долларга айлантиришнинг ҳожати йўқ, чунки барча ҳисоб-китоблар рублда амалга оширилади”, деган вазир.

Таъкидланишича, рублдаги ҳисоб-китобларни кенгайтириш шахсан Путиннинг топшириғи бўлган.

Икки давлатнинг ўзаро ҳисоб-китобларда рублга ўтиши ҳақида Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай расмий маълумот берилмади. Бироқ иқтисодчи Отабек Бакиров бундай тартиб Ўзбекистон учун фойдадан кўра, зарар бўлишини таъкидлади.

“Рублдаги ҳисоб-китоблар қўшниларига доимий таҳдидда бўлган эҳтимолий агрессор билан салбий сальдо ҳажмини янада кўпайтиради. Яна бу бизнинг қарзимиз ошиши ҳисобига рўй беради”, деган иқтисодчи Отабек Бакиров.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1288

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг