“Путин тепкини бугун ё эртага босиши мумкин”. НАТО Россиянинг Украинага тажовуз қилмаслигига ишонмаяпти
Олам
−
16 Февраль 2022
13117Сўнгги пайтларда, Европа минтақасини таҳлика остида қолдираётган, Россия-Украина ўртасидаги вазият кеча, 15 февраль куни Кремлнинг ўз қўшинларини Украина билан чегарадан ортга қайтараётгани ҳақидаги хабаридан кейин бироз юмшагандек туюлган эди.
Аммо, Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари АҚШ ва НАТО Россиянинг кечаги баёнотига ишончсизлик билдирмоқда. Бугун, 16 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россиядан қўшинлари ростдан ҳам ортга қайтарилаётгани ҳақида далил тақдим этишини талаб қилган.
Бош котибга кўра, Москва Украина билан чегара ҳудуларда қўшинлари сонини камайтириш ўрнига уларни янада кўпайтирмоқда.
“Россия қўшинларини камайтираётгани ҳақида далил бўлиши керак… Биз Россия қўшинлари сонини камайтириш ўрнига, уларни яна ҳам кўпайтираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Қўшинларнинг қолган қисми ҳозир йўлда, улар чегара томон келмоқда”, деган НАТО раҳбари.
Бошқа томондан, уруш нафаси эса бошлагандан буён Украинани қўллаб келаётган унинг яна бир яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам Россиядан ҳарбийлар отрга қайтарилаётгани ҳақида исбот талаб қилган.
“Афсуски, Россиянинг айтаётган сўзлари ва қилаётган амаллари орасида катта фарқ бор. Биз қўшинлар ортга қайтаётганини пайқамаяпмиз”, деган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун Оқ уйда бўлиб ўтган анжуман давомида.
“Аксинча, биз кучларнинг, айниқса, Украинага қарши ҳар қандай янги тажовузнинг бошида турадиган кучларнинг чегара бўйлаб тўпланишда давом этаётганига гувоҳ бўляпмиз. Биз ҳужум исталган вақтда бошланиши мумкинлиги ҳақида айтган эдик. Президент Путин жуда қисқа вақт ичида ҳаракатни бошлашга шай турибди. У тепкини бугуноқ ёки эртага босиши мумкин. Агар у Украинага қарши тажовузни қайта бошламоқчи бўлса, кучлар у ерда шай турибди”, деган Столтенберг.
АҚШ вакили вазиятга дипломатик йўл билан ечим топиш мумкинлиги ҳақида маълум қилиб, “тўп энди Россия майдонида” эканини билдирган.
НАТОнинг қайд этишича, Россия “деэскалация” ҳақида элон қилаётган бўлса-да, ҳозирча чегарадаги ҳарбийлар сони сезиларни даражада қисқармаган. Баъзи маълумотларга кўра, Россия-Украина чегараси бўйлаб 130 000 атрофида рус қўшинлари тўпланган.
Бундан ташқари, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг Twitter’да ёзишича, “Россия Ғарбга “турли сигналлар”ни юбормоқда. Чунки Британия разведкасининг маълум қилишича, рус армияси чегара бўйлаб ҳарбий госпиталлар қурмоқда. Бу эса уруш бўлишига яққол далил”.
Эслатиб ўтамиз, 15 февралга келиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Ғарбнинг тахминлари пуч бўлиб чиққанини айтиб, 15 февраль Ғарбнинг уруш тарғиботи барбод бўлган кун сифатида тарих киришини маълум қилди.
Россиянинг Ирландиядаги элчиси Юрий Филатов эса Россия ғарбидаги қуролли кучлар конфигурацияси уч-тўрт ҳафта ичида нормал ҳолатга қайтишини айтмоқда. Филатовнинг сўзларига кўра, қўшинлар айнан қаердан олиб чиқилиши ва Украина чегарасидан қанчалик узоққа кетиши Россиянинг ихтиёрида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь